2024 йил 1-2 июнь кунлари “ZAAMIN ULTRA 2024” халқаро ултрамарафони бўлиб ўтди. У Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ташкиллаштирилган “Samarkand Marathon” хайрия югуриш мусобақалари туркумига дебоча ясаб берди.
Пойгада АҚШ, Австралия, Буюк Британия, Ирландия, Малайзия, Россия, Қозоғистон, Туркия каби 20 га яқин мамлакатдан 2,100 дан ортиқ спортчи иштирок этди.
“ZAAMIN ULTRA 2024” йўлаги Зомин миллий табиат боғи ҳудуди бўйлаб ўтиб, 50К, 21К, 10К ва 2К узунликдаги тўрт масофани ўз ичига олди.
50К масофада эркаклар ўртасида 04:12:35 натижа билан Нурзияд Бегалиев, аёллар ўртасида 05:56:05 натижа билан Олга Попова ғолиб бўлишди.
21К масофада эркаклар ўртасида 01:35:53 натижа билан Артём Секачев, аёллар ўртасида 01:51:46 натижа билан Александра Черкас зафар қучишди.
10К масофада эркаклар ўртасида 0:53:46 натижа билан Бекзод Пардаев, аёллар ўртасида 0:59:48 натижа билан Александра Кузнецова ғолибликни қўлга киритишди.
50К масофада бу йил рекорд ҳам янгиланди: Нурзияд Бегалиев масофани ўзидан аввалги чопқирга нисбатан 12 дақиқа тезроқ босиб ўтди. Мутлақ ҳисобдан ташқари ёш тоифалари бўйича ҳам ғолиблар тақдирланди.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш чора-тадбирларига ташкилотчилар алоҳида эътибор қаратди. Зоминнинг бетакрор манзараларини асраб-авайлаш ташаббуси доирасида пойга якунида “плоггинг” (қисқа масофаларга югуриш баробарида чиқиндиларни тўплаш) тадбири ўтказилди, шунингдек, бир марталик стаканчалардан фойдаланмасликка қарор қилинди.
Марра майдонида “ZAAMIN ULTRA 2024” иштирокчилари учун медаллар топширилди. Бу йил медаллар дизайнида Зомин миллий боғининг бетакрор манзаралари акс эттирилди.
1 июнь пойгалари арафасида ултрамарафонининг меҳмонлари ва иштирокчилари учун электрон мусиқа концерти бўлиб ўтди. Очиқ саҳнада минглаб томошабинлар қаршисида DJ Yо‘ldosh чиқиш қилди, оқшом кўркига эса ушбу майдонда иккинчи бор иштирок этаётган “QARAQOOM” гуруҳи янада кўрк бағишлади.
“ZAAMIN ULTRA”нинг уч йиллиги шарафига ёпилиш маросими мушакбозлик билан якунланди.