Жорий йилнинг 5 июнь куни Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти форумининг XIX йиғилиши бўлиб ўтади.
Тадбир Ўзбекистон раислигида Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан ташкил этилмоқда.
Бўлажак форум «Янги шароитларда ШҲТнинг роли: умумий хавфсизлик, барқарорлик ва фаровонлик йўлидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш» мавзусига бағишланган.
Унда дунёнинг 10 мамлакатидан 40 дан зиёд экспертлар, жумладан, ШҲТга аъзо мамлакатларнинг миллий тадқиқот марказларининг вакиллик делегацияси, ШҲТда кузатувчи давлатлар ва ташкилотнинг мулоқот бўйича ҳамкорлари мутахассислари, ШҲТ Котибияти раҳбарияти ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси раҳбарияти иштирок этади.
Тадбирнинг кун тартиби ШҲТ доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларига бағишланган учта — асосий сессиялар, замонавий ривожланиш босқичида ШҲТ самарадорлигини ошириш ва ШҲТ форуми фаолиятини такомиллаштиришнинг келгуси истиқболлари муҳокамасини ўз ичига олади.
Форум якунида ШҲТга аъзо давлатларнинг тадбир кун тартибидаги масалалар бўйича ёндашувлари ва қарашлари акс этган йиғили Баённомаси имзоланиши режалаштирилган.