Тошкент вилоятида давлат ерини сотмоқчи бўлган ҳоким ёрдамчиси ва унинг шериги қамоққа олинди. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 18 апрель куни Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида 40 ёшли шахс 38 ёшли фуқародан 5 минг АҚШ доллари миқдоридаги пуллари олаётган вақтда ушланган.
Аниқланишича, у Янгийўл туманидаги давлат захирасидаги 20 сотих ер майдонидан 4 сотихини мансабдор таниши орқали 20 минг АҚШ доллари эвазига келгусида расмийлаштириб беришини ваъда қилган. Келишилган пулдан бўнак (аванс) сифатида олинган 5 минг АҚШ доллари ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Кўрилган чоралар натижасида, унинг мансабдор таниши 51 ёшли Янгийўл туманида ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишловчи шахс эканлиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми «а»банди билан жиноят иши қўзғатилиб, икки нафар шахс Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси (Ушлаб туриш асослари ) тартибида қамоққа олинган. Тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.