2024 йил 1 июндан Ўзбекистон қонунчилигида бир қатор ўзгаришлар кучга киради. Жумладан:
Меҳнат миграциясига келаётган фуқароларга йўл чиптаси учун компенсация берилади
2024 йил 1 июндан “Xorijda ish” меҳнат миграцияси электрон дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга қуйидаги компенсациялар тўланади:
— хорижий тиллар ёки касб бўйича малака имтиҳонларини топшириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун, башарти улар муваффақиятли топширилганда ва сертификат олинганда – БҲМнинг 3 бараваригача (1 млн 20 минг сўм) миқдорда;
— хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширишга “ишчи виза”ни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун – БҲМнинг 5 бараваригача (1 млн 700 минг сўм) миқдорда;
— йўл чиптасини харид қилиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун – БҲМнинг 2 бараваригача (680 минг сўм) миқдорда.
Давлат мактабгача таълим ташкилотларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўловининг янги миқдорлари амал қилади
2024 йил 1 июндан ва 2025 йил 1 январдан бошлаб амал қиладиган давлат мактабгача таълим ташкилотларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўлови миқдорлари тасдиқланган.
Аҳолига фойдаланилган газ ва электр ҳақидаги маълумотлар ҳар ойда юборилади
«Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ҳукумат қарорига кўра, 2024 йил 1 июндан фойдаланилган электр энергияси ва табиий газ бўйича ойлик маълумот “базавий меъёр” ва ундан ортиқ ҳажмлар кесимида истеъмолчиларга юборилади.
Меҳнат миграциясидан қайтган шахсларни ишга олганларга субсидия берилади
Меҳнат миграциясидан қайтган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга ҳар бир ишга олинган ходим учун 12 ой давомида ойига 500 минг сўмдан субсидия тўланади (Бундан бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар мустасно).
Субсидия 2024 йил 1 июндан 2026 йил 1 январга қадар ишга қабул қилинган шахсларга нисбатан тўланади.
Меҳнат миграциясидан қайтган шахслар ва уларнинг оила аъзолари бепул тиббий кўрикдан ўтказилади
— меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахслар ҳамда уларнинг оила аъзоларини бепул тиббий кўрикдан ўтказиш;
— меҳнат миграциясидан қайтиб келган, ижтимоий аҳамиятли касалликка чалинган шахсларга тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари рўйхатига мувофиқ бепул тиббий ёрдам кўрсатиш амалиёти.
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш такомиллаштирилади
— тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган ёки жабрланиш хавфи остида бўлган хотин-қизларга ҳимоя ордери талаб этмаган ҳолда ижтимоий, психологик ва юридик хизматлар кўрсатиш тартиби жорий этилади;
— хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолати ички ишлар органлари навбатчилик қисмининг “102” телефон рақамларига келиб тушган мурожаатлар асосида рўйхатга олинади;
— тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари марказий туман (шаҳар) шифохоналарининг шошилинч қабул бўлимларига жойлаштирилади;
— расмийлаштирилган ҳимоя ордерлари ва жабрланган шахсларга доир маълумотлар “Инсон” марказларига “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими орқали юборилади.