Жиззах вилояти Зарбдор туманида маст ҳайдовчи жанжал оқибатида ўзининг КамАЗ русумли юк машинасида ўзганинг савдо дўконини бузиб ташлади. Вилоят ИИБ ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Қайд этилишича, кеча, 28 май куни соат 01:19 ларда Равот МФЙда жойлашган савдо дўконини иш юритувчиси вилоят ИИБнинг 102 хизматига қўнғироқ қилиб спиртли ичимлик таъсиридаги фуқаро дўкон ва автомашинага қасддан моддий зарар етказгани ҳақида хабар берган.
Ҳолат юзасидан олиб борилган терговга қадар текширувлар олиб борилди.
Маълум бўлишича, Зомин тумани, Нурликент МФЙда яшовчи 1998 йилда туғилган фуқаро Т.Ш. КамАЗ русумли юк автомашинасини маст ҳолда савдо дўкони олдига бошқариб келган.
Ўша вақтда дўкон ёнида турган Навоий МФЙда яшовчи 2000 йилда туғилган Ҳ.Р. ва У.О.лар билан ўзаро тортишиб қолади. Оқибатида Ҳ.Р. Т.Ш.нинг юзига бир маротаба уриб, тан жароҳати етказади.
Шундан сўнг Т.Ш. жаҳл устида ўз бошқарувидаги юк автомашинасида Ҳ.Р.га тегишли «Spark» русумли автомашинанинг орқасидан уриб юбориб, автомашина ва савдо дўконига моддий зарар етказган.
Қўшимча қилинишича, ҳозирда ҳодиса содир бўлган жой тергов-тезкор гуруҳи томонидан кўздан кечирилиб, ҳозирда терговга қадар текширув давом этмоқда. Тергов натижаларига кўра ушбу воқеа иштирокчиларининг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.