Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси Раиси Нуман Куртулмуш билан учрашув ўтказди.
Мулоқотда сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва парламентлараро соҳаларда Ўзбекистоннинг Туркия билан ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ҳамда алоқаларни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Суҳбат чоғида икки давлат Президентларининг қатъий сиёсий иродаси, улар ўртасидаги яқин, ўзаро ишончга асосланган муносабатлар туфайли икки томонлама алоқалар кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқилгани алоҳида қайд этилди.
Сўнгги 6 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,5 маротабага ошиб, Туркия Ўзбекистоннинг тўртинчи асосий иқтисодий шеригига айлангани, ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва иқтисодиётнинг турли тармоқларида саноат кооперацияси бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун имкониятлардан янада кенгроқ фойдаланиш лозимлиги таъкидланди.
Музокара давомида ижтимоий ва маданий-гуманитар соҳаларда алоқаларни янада кенгайтириш учун икки давлатда ҳам салоҳият етарли экани, бу борада имкониятларни бирлаштириш кераклигига урғу берилди.
Айниқса, соғлиқни сақлаш йўналишларида кадрлар салоҳиятини ошириш, илм-фан ҳамда таълим соҳаларида эса қўшма илмий лойиҳаларни йўлга қўйиш, талабалар алмашинувини фаоллаштириш юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон ва Туркиянинг қадриятлари, анъана ва урф одатлари, оилага бўлган муносабати ўхшашлигидан келиб чиқиб, оила ва хотин-қизлар масалаларида икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари ўртасида ҳамкорликни кенгайтиришга эътибор қаратилди.
Учрашувда парламентлар ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масалалари кўриб чиқилди. Хусусан, Олий Мажлиснинг Буюк миллат мажлиси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи ва «Ўзбекистон–Туркия» парламентлараро дўстлик гуруҳи ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш, қўмиталар билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш бўйича якдил фикр билдирилди.
Муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш мақсадида икки давлат парламентлари ўртасида ҳамкорлик бўйича тегишли ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ва имзолашга келишиб олинди.
Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси Раиси Нуман Куртулмуш Фахрий меҳмонлар китобида дастхат ёзиб қолдирди.