Бугун, 23 май куни маҳаллий вақт билан соат 07:38да Испаниянинг «World2Fly» авиакомпаниясининг бортида 285 нафар йўловчиси бўлган самолёти Мадрид-Тошкент йўналиши бўйича илк чартер рейсини амалга оширди.
Анъанага кўра, самолёт сув аркаси билан кутиб олинди, экипаж аъзолари ва биринчи йўловчилар, жумладан, Тошкентга етиб келган Испаниянинг йирик сайёҳлик агентликлари, журналист ва блогерлар пойтахт аеропортининг келиш залида карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди. Биринчи рейсни тантанали кутиб олиш маросимида “Uzbekistan Airports” компанияси, Ўзбекистон Туризм қўмитаси ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мадрид — Тошкент — Мадрид йўналиши бўйича чартер рейслар Аирбус А330-300 самолётларида икки ҳафтада бир марта амалга оширилади. Шунингдек, авиакомпания Мадрид — Урганч — Мадрид йўналишида ҳам худди шундай частотада парвозларни амалга ошириши режалаштирилган. Биринчи босқичда чартер рейслар июн ойи охиригача давом этади ва 2024-йил сентябрдан октябргача қайта тикланади.
«World2Fly» — 2020 йилда ташкил этилган испан авиакомпанияси бўлиб, бош қароргоҳи Палма-де-Малёркада (Испания) жойлашган.
MANBA: DARAKCHI.UZ