Инсон улғайиб, дунёнинг қай бурчагига бормасин, қадрдон мактаби уни оҳанрабодек ўзига тортиб туради. Ҳаётда эришган ҳар бир ютуғи учун меҳрибон муаллимлари олдида ҳамиша миннатдорлик ва қарздорлик ҳисси билан яшайди.
Президент маслаҳатчиси ўринбосари – Халқ қабулхонаси раҳбари У.Муҳаммадиев синфдошлари билан ўзлари таълим олган Яккабоғ туманидаги 83-мактабни таъмирлаб бергани ҳам айни шу эзгу амалларнинг яна бир ҳаётий исботидир. Собиқ битирувчиларнинг устозлари ва туман ёшлари билан мулоқотида ҳам мактаб – илм ўчоғи, тафаккур устахонаси, ҳар бир инсон учун иккинчи уй экани бот-бот таъкидланди. Азиз хотиралар, самимий ва дилкаш суҳбатлар асносида муаллимларга маиший техникалар, 83-мактаб кутубхонасига янги китоблар, тумандаги таълим муассасалари ва маҳаллалар ёшларига 20 турдаги спорт анжомлари совға қилинди.