Иссиқлик электр станциялари ва марказларида 2024-2025 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида жами 53 та объектда, шу жумладан, 14 та энергоблок, 28 та қозон қурилмаси, 7 та буғ-газ қурилмаси, 3 та газ-турбина қурилмаси ва 1 та турбогенераторда мукаммал, ўрта ва жорий таъмирлаш ишлари режалаштирилган. Бу ҳақда “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ матбуот хизмати хабар қилди. Маълум қилинишича, ушбу жараёнда асосий пудратчилардан бири сифатида “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ иштирок этмоқда.
Мавсумга тайёргарлик жорий йилнинг февраль ойидан бошланган бўлиб, бугунги кунга келиб 1 та энергоблок, 2 та буғ-газ қурилмаси 3 та қозонагрегатида таъмирлаш ишлари якунланди. Айни кунларда 1 та буғ-газ қурилмаси, 5 та энергоблок ва14 та қозон агрегатларида таъмир ишлари амалга оширилмоқда.
Режалаштирилган таъмир ишлари тўлиқ амалга оширилиши эвазига энергоқурилмаларнинг мавжуд қуввати 281 МВт ҳамда қозон қурилмаларининг ишлаб чиқариш қуввати 150 тонна-соатга оширилишига эришилади.
Айни пайтгача, Толимаржон ИЭС ва Тўрақўрғон ИЭСда йирик буғ-газ қурилмалари мавсумга шайҳолатга келтирилди. Бу ерда “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ мутахассислари Япониянинг “Mitsubishi” компанияси муҳандислари билан биргаликда ишолиб боришди.
Иссиқлиқ электр станциялари тизимида анънавий энергоблоклар таъмирига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда, улар қиш мавсумида кузатиладиган совуқ об-ҳаво шароитида электр энергияси ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлашда муҳим ўрин эгаллайди. Жумладан, Тошкент ИЭС мисолида олиб қарайдиган бўлсак, куни кеча корхонанинг 12-сонли анъанавий энергоблокида таъмирлаш ишлари якунига етказилди.
“Ўзбекэнерготаъмир” АЖ 200 га яқин мутахассислари иштирок этган ушбу жараёнда энергоблокнинг турбина ва қозон қурилмалари, трансформатор ва бошқа ёрдамчи ускуналарда таъмирлаш ва созлаш ишлари бажарилди.
Натижада, энергоблокнинг ишлаб чиқариш қуввати120 МВт дан 155 МВт гача оширилган бўлса, қозон агрегатининг буғ ишлаб чиқариш кўрсаткичи 448 тонна-соатдан 528 тонна-соатгача оширилишига эришилди. Шунингдек қозоннинг фойдали ишкоэффициенти 88,68 фоиздан 90,44 фоизгача оширилишига эришилди. Бунда асосий ёқилғи ҳисобланган табиий газ сарфи 140 млн. кубметрга иқтисод қилиниши таъминланади.
Таъмир ишларини сифатли ва ўз муддатида бажаришдан кўзланган мақсад – аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда иқтисодиёт тармоқларини барқарор электр энергияси билан таъминлаш.
Таъкидлаш лозимки, “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ бугун электр станциялари учун юқори даражали техник таъминот кўрсатувчи мутахассислар тизимига айланиб бўлди.