Жорий йилнинг суғориш мавсумида Қозоғистон Ўзбекистон орқали «Дўстлик» каналидан 922 миллион кубометр сув олади. Бу ҳақда Қозоғистон Сув хўжалиги ва Ирригация вазири Нуржан Нуржигитов давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссиясининг 86-йиғилишида маълум қилди. Учрашувда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон давлати вакиллари қатнашган.
Шу билан бирга Туркистон вилоятининг «Шардара» сув омборида 4,8 миллиард кубометр, Қирғизистоннинг «Тўқтагул» сув омборида 8 миллиард кубометр сув тўпланган бўлиб, ушбу омбор сувлари Қозоғистон жанубидаги ерларни суғориш учун ишлатилади.
Йиғилишда «Норин—Сирдарё» сув омбори каскадини жорий йилнинг 30 сентябрига қадар ишлатиш бўйича прогноз жадвали ҳам тасдиқланди.
— Ҳозирги биринчи вазифамиз тошқин сувини йиғиш. Биз уни Каспий денгизи, Балхаш, Қамиш-Самар кўлларига, Улитов вилоятидан Қизилўрда вилояти кўлларига йўналтирамиз. Лекин шу билан бирга жанубий вилоятларни ҳам сув билан таъминлаш муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бу масалада сув дипломатияси жуда муҳим, — деган Нуржон Нуржигитов.
Қайд этилишича, «Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик механизмини яратиш тўғрисида»ги шартнома лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилаётгани айтилган.