Ёшларнинг таълим олишига илғор технология ва хориж тажрибасини жорий этишга кўмаклашиш Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва Тошкент Давлат Аграр Университети (ТДАУ) ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу йўналишдаги муҳим қадам ФАОдан ТДАУнинг “Ўсимликшунослик, соя ва мойли экинликлар” кафедрасига умумий қиймати қарийб 17,5 минг доллар бўлган лаборатория ускуналарининг топширилиши бўлди.
Жиҳозларни харид қилиш ва топшириш “Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш” (CACILM-2) минтақавий лойиҳаси доирасида амалга оширилди. Тўплам ядро магнит-резонанс спектрометри, хлорофилл таркибини аниқлаш учун ўлчаш мосламаси, тупроқ намлигини аниқлаш жиҳози, рефрактометр ва бошқаларни ўз ичига олади. Янги ускуналар илмий ва ўқув мақсадларида фойдаланилади.
Хусусан, ўсимликшунослик соҳасида таҳсил олаётган талабалар лаборатория шароитида ўсимликларни таҳлил қилиш ва уларнинг кимёвий таркиби ва маҳсулот сифати кўрсаткичларини аниқлашнинг ўзига хос хусусиятлари билан амалда танишиш имкониятига эга бўладилар.
“Янги жиҳозлар минерал ўғитларни янада мақбул даражада қўллаш учун уруғларнинг ёғлилигини, шунингдек, хлорофилл ва тупроқ намлигини аниқ аниқлаш имконини беради. Олинган натижалар қишлоқ хўжалиги экинларининг қурғоқчиликка чидамли янги навларини яратиш бўйича олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишларида ўз аксини топиши мумкин, бу CACILM-2 лойиҳаси доирасидаги мақсадларимизга мос келади. Бундан ташқари, университет олимлари томонидан ишлаб чиқилган технологиялар ва усуллардан фойдаланиш қурғоқчилик ва шўрланиш шароитида барқарор ҳосил олишга имкон беради”, — деб таъкидлади CACILM-2 лойиҳасининг миллий бошқарувчиси Муҳаммаджон Қосимов.
Тадбирда университет ва ФАО ўртасидаги ҳамкорлик 2001 йилда Ўзбекистоннинг ФАОга аъзо бўлганидан буён ривожланиб келаётганлиги ва 2014 йилда Ўзбекистонда ФАО Ваколатхонасининг очилишидан сўнг бу жараён янада жадаллашгани қайд этиб ўтилди. Шу вақт давомида Ўзбекистонда агросаноат соҳаси учун илғор хорижий тажрибалар асосида юқори малакали ходимларни тайёрлашга қаратилган кўплаб қўшма лойиҳалар амалга оширилди.