Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар ўлимини баҳолаш бўйича идоралараро гуруҳи (UN IGME) томонидан эълон қилинган сўнгги ҳисоботга кўра, беш ёшга тўлмасдан вафот этган болалар сони 2022 йилда тарихий минимал даражага тушиб, 4,9 миллионни ташкил қилди.
«Ушбу рақамлар ортида оналарга хавфсиз туғиш, болаларни эмлаш ва оғир касалликлардан асрашда ёрдам бераётган доя ва тиббиёт ходимлари, шунингдек уларнинг саломатлиги ва тўғри овқатланишини ташкил қилиш учун оилаларга ташриф буюраётган тиббиёт ходимларининг хизмати бор», — деб таъкидлади ЮНИCEФ ижрочи директори Кетрин Рассел.
Ҳисоботда айтилишича, бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ болалар омон қолмоқда ва дунё бўйича 5 ёшгача бўлган болалар ўлими даражаси 2000 йилдаги кўрсаткичларга қараганда 51 фоизга камайган. Бир қанча паст ва ўрта даромадли мамлакатларда ҳам бу кўрсаткичнинг пасайиши кузатилган бўлиб, бу бирламчи тиббий-санитария ёрдамига, шу жумладан, болалар саломатлиги ва фаровонлиги учун маблағлар ажратилса, натижалар яхшиланиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Мисол учун, натижалар шуни кўрсатадики, 2000 йилдан бери Камбоджа, Малави, Мўғулистон ва Руанда мамлакатларида беш ёшгача бўлган болалар ўлимини 75 фоиздан ортиққа қисқартиришга муваффақ бўлишган.
— Эришилган натижага қарамай, миллионлаб оилалар ҳали ҳам ҳар йили, кўпинча туғилгандан кейинги биринчи кунларда фожиали бўлган фарзанд доғига дуч келишмоқда, — деди ЖССТ Бош директори Тедрос Гебреесус. — Болаларнинг қаерда туғилиши уларнинг яшаш ёки ўлишини белгиламаслиги керак. Ҳар бир аёл ва боланинг, жумладан, фавқулодда вазиятларда ва чекка ҳудудларда ҳам сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш муҳим аҳамият касб этади.
«Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, агар жамиятда болаларнинг омон қолиш чоралари уларга кўпроқ муҳтож бўлган қатламларни қамраб олса, хавф юқори бўлган мамлакатларда ҳам болалар ўлими сезиларли даражада камайишига эришиш мумкин.
Бундай чора-тадбирларнинг биттаси ҳам миллионлаб болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиши ва тиббий ёрдамни улар яшайдиган жойга яқинлаштириши мумкин. Болалар саломатлиги ва омон қолишини яхшилаш болалар касалликларини, айниқса, постнеонатал ўлимнинг асосий сабаблари, ўткир респиратор инфекциялари, диарея ва безгакни комплекс даволашни талаб этади», — дейилади ҳисоботда.