Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан 21 февраль куни “Келажак Ўйинлари” мусобақасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Қозон шаҳрида бўлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Ташриф дастурида икки давлат раҳбарларининг учрашуви кўзда тутилган. Унда 2023 йил 5-7 октябрь кунлари Россияга расмий ташриф якунида эришилган олий даражадаги келишувларни амалга ошириш ҳамда кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинади.
Таъкидлаш жоизки, Россия Федерациясида илк бор ташкил этилаётган ва 21 февраль – 3 март кунлари бўлиб ўтадиган “Келажак Ўйинлари” спортнинг анъанавий турлари, илмий ишланмалар ва рақамли технологияларни ўзида мужассам этган мусобақадир. Ушбу йирик спорт тадбирида 107 та мамлакатдан 227 та жамоа, шу жумладан Ўзбекистон спортчилари иштирок этади.