Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги делегация Буюк Британия Жамоатлар палатаси Спикери Линдсли Хойл билан учрашув ўтказди.
Ўзбекистон ва Буюк Британия муносабатларининг кенг доираси хусусан, парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий, меҳнат муносабатлари, гендер тенглиги соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Икки томонлама муносабатларда парламентлараро мулоқотнинг аҳамиятидан келиб чиқиб, бу борадаги алоқаларни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга асосий эътибор қаратилди.
Хусусан, қонун ижодкорлиги фаолияти ва парламент назорати йўналишларида ўзаро тажриба алмашиш, икки мамлакат қонун чиқарувчилари ўртасида амалий алоқаларни йўлга қўйиш, ҳамкорликка оид масалаларда “Ўзбекистон – Буюк Британия” дўстлик гуруҳи имкониятларидан кенг фойдаланиш юзасидан фикр алмашилди.
Суҳбат давомида иқтисодий ҳамкорлик масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Таъкидлаш жоиз, мамлакатимизда Британия томони иштирокида 364 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, Британиянинг етакчи компанияларини Ўзбекистонга жалб қилиш масалалари кўриб чиқилди.
Бунда тоғ-кон саноати, телекоммуникация, инфратузилма, фармацевтика, таълим каби соҳалардаги лойиҳаларни амалга ошириш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, музокара давомида гендер тенглигига эришиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш йўналишида қўшма тадбирлар ва дастурларни амалга ошириш орқали ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифи илгари сурилди.