Ўзбекистон кетма-кет иккинчи ой дунёда энг кўп олтин сотган мамлакат бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда Жаҳон олтин кенгаши (World Gold Council) хабар берди.
Қайд этилишича, жаҳон бўйлаб марказий банклар ноябр ойида 44 тонна соф ҳажмда олтин сотиб олган. Харидларнинг умумий ҳажми 60 тонна бўлиб, октябр ойига нисбатан 4 фоизга камайган. Аммо бу ўтган йилдаги ўртача ойлик кўрсаткич — 36 тоннага нисбатан сезиларли даражада юқори.
Ноябр ойида мазкур қимматбаҳо металлнинг асосий харидори Туркия бўлди. Мамлакат 25 тонна харидни амалга оширган. Иккинчи ўринни 19 тонна харид билан Полша эгаллаган. Бешликка Хитой (12 тонна), Чехия (3 тонна) ва Қирғизистон (1 тонна) кирган.
Ўзбекистон ноябр ойида 11 тонна олтин сотган, бу эса кейинги ўринда турган Қозоғистондан (3 тонна) деярли тўрт баробар кўп.
2023-йил якунларига кўра, Ўзбекистон қимматбаҳо металларни сотиш бўйича Қозоғистондан бироз ортда қолиб, иккинчи ўринни эгаллади. Хитой соф харидлар бўйича етакчи бўлди, ундан кейинги ўринларни Полша ва Сингапур эгаллади.