АҚШнинг машҳур «Forbes» журналида 2024 йилда албатта бориб кўриш керак бўлган дунёдаги ажойиб сайёҳлик йўналишларга бағишланган мақола босилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Унда Ўзбекистон 2024 йилда саёҳат қилиш учун энг яхши йўналишлар рўйхатига киритилган. Хусусан, «Forbes» молиявий-иқтисодий журнали ўз ўқувчиларига Ўзбекистонни 2024 йилда ташриф буюриш учун энг яхши жойлардан бири сифатида қайд этиб, юртимизга саёҳат қилишга тавсия этмоқда.
Мақолада дунёдаги етакчи «Lonely Planet» сайёҳлик нашри вице-президенти Том Холлнинг қуйидаги сўзлари иқтибос ўрнида келтирилган: «Ўзбекистонда Ипак йўлининг энг яхши сақланиб қолган тарихий обидаларини, шунингдек, ажойиб тоғлар ва истиқболли пойтахти Тошкентни кўришингиз мумкин».
Шунингдек, мақолада мамлакат ҳудудлари бўйлаб саёҳат қилиш учун қулай ва арзон поезд хизматлари йўлга қўйилгани маълум қилинган. «АҚШдан Ўзбекистонга саёҳат қилувчилар учун Нью-Йорк шаҳридан ҳафтасига бир нечта тўғридан-тўғри авиарейслар йўлга қўйилган. Шунингдек, Сеул ва Истанбул орқали ҳам бориш ҳам сайёҳлар учун қулайликлар яратади», — дейилади нашрда.