Иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларининг куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида ташкил этилган вилоят штаби томонидан айни кунларда ҳудудларда истеъмолчиларнинг электр энергиясидан ноқонуний фойдаланишларининг олдини олишга қаратилган рейд тадбирлари ўтказилмоқда.
Ана шундай тадбирлар давомида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Навоий ҳудудий филиали, Навоий вилояти ДХХ ва вилоят ИИБлари, “Ўзенергияинспекция” Навоий ҳудудий бўлими ҳамда бошқа ваколатли ташкилотлар вакиллари ҳамкорлигида Қизилтепа туманида ўтказилган навбатдаги тунги рейд тадбирида туманнинг “Яшнаобод” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Хайрулло-Нарзулло” фермер хўжалигига тегишли дала шийпонида электр ҳисоблагичдан ташқари, ўзбошимчалик билан 47 дона майнинг қурилмалари, совитиш ва ёриткич мосламалари ҳамда бошқа электр қурилмаларини тўғридан-тўғри электр тармоғига уланган ҳолда, ноқонуний фойдаланиб келинаётганлиги аниқланди.
Ушбу ҳолат бўйича белгиланган тартибда далолатнома расмийлаштирилиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, “Хайрулло-Нарзулло” фермер хўжалиги томонидан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Навоий ҳудудий филиали манфаатига 436,3 млн. сўм молиявий зарар етказилганлиги аниқланди. Шунга кўра тегишли қарорларга асосан электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган майнинг фирмаларига нисбатан 5 баробар ўсувчи коэффициент қўлланиб, 2,2 млрд. сўм маблағ ундириш бўйича белгиланган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилди. Шунингдек, ҳуқуқбузарга нисбатан 5 баробар ўсувчи коэффициент билан жарима тариқасида 1,8 млрд.сўм қўшимча ҳисоб-китоб тақдим қилинди.
Мазкур ҳуқуқбузарлик бўйича жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ўрганишлар олиб борилмоқда.
МАНБА:“Халқ сўзи”.