Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги делегация Бирлашган Араб Амирликлари Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга доир масалаларни муҳокама қилиш мақсадида мазкур мамлакатга ташриф буюрди. Бу ҳақда ИИВ хабар берди.
Ташриф доирасида “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумати ўртасида ҳайдовчилик гувоҳномаларини ўзаро тан олиш ва алмашиш тўғрисида”ги Англашув меморандуми икки давлат ички ишлар вазирлари томонидан имзоланди.
Мазкур Англашув меморандуми кучга кирганидан сўнг, ҳар икки давлат фуқаролари ўзларининг миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари билан иккинчи томон давлатининг ҳудудига ташриф буюрган даврда (узоқ муддатга яшаш учун келганлар бундан мустасно) транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга бўладилар.
Шунингдек, БАА резиденти бўлган (узоқ муддат яшаш ҳуқуқини олганлар) миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига эга Ўзбекистон фуқаролари эса Амирликлар ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш вақтида тегишли назарий ва амалий синовларни топширишдан озод қилиниши кўзда тутилган.
Ҳужжат 2024 йилнинг 27 январь кунидан кучга кириши белгиланган.