Ижтимоий тармоқларда “Янги Ўзбекистон” боғидаги “Аждодлар хотираси” мемориалига ўтиш йўли тўсилгани юзасидан хабарлар тарқалди.
Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, “Янги Ўзбекистон” боғини эксплутатция қилиш ва сақлаш дирекцияси қоровули томонидан гўёки Бош вазирнинг топшириғига асосан аҳоли “Аждодлар хотираси” мемориалига яқинлаштирмаслиги бўйича айтилган гаплар ҳеч қандай асосга эга эмас ва ҳақиқатга мутлақо тўғри келмайди.
Айни пайтда ҳокимлик томонидан видеода акс этган ходимлар фаолияти устидан хизмат текшируви ўтказилаётганини ҳамда шаҳар аҳолиси ва меҳмонларига “Янги Ўзбекистон” боғига бориш, ундаги “Аждодлар хотираси” мемориалига яқинлашиш ва уни томоша қилишда ҳеч қандай тўсқинликлар йўқлиги маълум қилинди.
«Ўз навбатида, айни пайтда боғ ҳудудида кириб келаётган янги йилни муносиб кутиб олиш, халқимизга байрамни кўтаринки руҳда нишонлашлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Янги йил композициясини барпо этиш ишлари бошланганини билдирамиз.
Шунингдек, барча саволлар юзасидан ишончли ва аниқ маълумот олиш учун пойтахт ҳокимлиги матбуот хизматининг 71 210-01-60 телефон рақамига ёки ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари орқали мурожаат қилишингиз мумкинлигини эслатиб ўтамиз», дейилади хабарда.