БМТнинг чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-йиғилиши доирасида Экология вазирининг биринчи ўринбосари Обижон Қудратов Глобал экологик фонднинг (ГEФ) Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий координатори Улрих Апел билан учрашув ўтказди.
У.Апел Ўзбекистон билан узоқ муддатли ҳамкорликни ва ГЭФнинг сўнгги молиялаштириш даврларида ажратилган грант маблағларидан фаол фойдаланиш муносабати билан эришилган ўзаро ҳамкорлик даражасини юқори баҳолади.
Шу билан бирга, у Марказий Осиёда минтақавий ўзаро ҳамкорликнинг фаоллашуви ва муносабатларнинг мустаҳкамланиши, шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ масалаларнинг трансчегаравий хусусиятини ҳисобга олган ҳолда ГЭФ қум-чанг бўронларига қарши курашиш ва уларнинг салбий оқибатларини юмшатиш соҳасида қўшма минтақавий дастур ва ташаббуслар учун маблағ ажратишга тайёрлигини билдирди.
Бундан ташқари, ГЭФ томони 2026–2030 йилларга мўлжалланган тўққизинчи молиялаштириш цикли доирасида молиявий томонлама ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканлиги қайд этилди.
Маълумот учун, ГЭФнинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган саккизинчи молиялаштириш цикли доирасида Ўзбекистон Республикасига 13 миллион доллар миқдорида грант маблағлари ажратилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорининг 11-иловасига мувофиқ, БМТ ФАО, Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи ва БМТ Тараққиёт дастури билан биргаликда молиялаштиришга тақдим этиш учун лойиҳа таклифининг 2 та концепцияси ишлаб чиқилди.
Учрашув якунида Глобал экологик фонд ижрочи директори ва раиси 2024 йил 12–17 февраль кунлари Самарқандда ўтказиладиган Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш бўйича конвенция (COP-14) иштирокчилари конференциясининг 14-йиғилишида иштирок этиши маълум бўлди.