Ўзбекистоннинг янги тайинланган элчиси Абат Файзуллаев Италия Президенти Сержо Маттареллага ишонч ёрлиқларини топширди.
Тантанали маросим Италия Президентининг Рим шаҳридаги расмий қароргоҳи –»Квиринале» саройида бўлиб ўтди.
Бўлиб ўтган суҳбат давомида Сержо Маттарелла жорий йилнинг 9-11 ноябрь кунлари Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифини ёдга олди ва ташриф унда унутилмас таассуротлар қолдирганини қайд этди.
Учрашувда икки мамлакат ўртасида стратегик мулоқотни илгари суришнинг юксак аҳамияти тасдиқланди, Ўзбекистон ва Италиянинг сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлиги истиқболларидан самарали фойдаланишдан икки томон ҳам манфаатдорлиги таъкидланди.
Суҳбат якунида Италия Президенти Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий мероси ҳамда у зиёрат қилган Самарқанд ва Хива шаҳарларидаги қадимий обидалар жозибасини алоҳида қайд этди.