Жорий йилнинг 16 ноябрь куни Швейтсариянинг Женева шаҳрида Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳнинг 7-йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбир арафасида, 15 ноябрь куни Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида аъзолик бўйича икки томонлама музокараларни якунлаш тўғрисида баённома имзоланди. Шу тариқа, Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиш бўйича якуний келишув имзолаган давлатлари сони иккитага етди.
Ҳужжат Ўзбекистон президентининг ЖСТ масалалари бўйича махсус вакили Азиз Ўрунов ва Саудия Арабистонининг ЖСТдаги элчиси Сақер Алмоқбел ўртасида имзоланди.
Тадбирда шунингдек Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, ЖСТ билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия раиси Жамшид Хўжаев ҳам иштирок этди.