Ўзбекистон Автомобиль йўллари қўмитасида Жанубий Кореянинг «SAMAN» ва «KECC» компаниялари мутасаддилари билан музокаралар бўлиб ўтди.
Учрашув чоғида узоқ муддатли бош режа, бошқарув йўриқномалари, давлат хусусий шерикчилик асосида йўлларни эксплуатация қилиш ва сақлаш сифатини назорат қилиш стандартлари ҳамда салоҳиятни ошириш дастурларини тақдим этиш орқали Ўзбекистонда давлат хусусий шерикчилик асосида қуриладиган йўллар учун ҳуқуқий асос яратиш масалалари муҳокама қилинди. Кутилаётган натижалар давлат хусусий шерикчилик асосидаги йўлларни эксплуатация қилиш ва сақлаш бўйича узоқ муддатли бош режани ишлаб чиқиш ҳисобланади.
Корея Республикаси вакиллари билан мулоқотдан сўнг, музокалар конференция тарзида давом эттирилди. Унда Автомобил йўллари қўмитаси ва унинг таркибидаги ташкилотлар раҳбарлари, илмий-тадқиқот институти олимлари ҳам иштирок этишди. Ҳамкорларнинг таъкидлашича, давлат хусусий шерикчилиги асосида қуриладиган йўллар мамлакат иқтисодий ўсиши, шунингдек, аҳолининг сифатли йўлдан фойладаланиши ва соҳа ривожи учун бирдек унумли.
Умумий қиймати 1 миллион АҚШ долларни ташкил этган грант лойиҳаси доирасида Ўзбекистондаги мавжуд йўллар ўрганилади, йўлларни эксплуатация қилиш, таъмирлаш, сақлаш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқилади. Давлат хусусий шерикчилиги асосида қуриладиган йўллар доимий назоратда бўлади ва мониторинг қилиб борилади.
Бўлиб ўтган учрашув якунида ушбу лойиҳани амалга ошириш механизмини яратиш бўйича келишиб олинди.