Адлия вазирлиги “Болаларни зўравонликларнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокамага қўйди.
Қонун лойиҳасига мувофиқ, болаларга нисбатан зўравонлик шаклларига қуйидагилар киради:
жисмоний зўравонлик;
жинсий зўравонлик;
руҳий зўравонлик;
эксплуатация;
буллинг;
ғамхўрлик кўрсатмаслик.
Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишнинг умумий чора-тадбирлари қуйидагилардан иборат:
ҳимоя ордерини бериш;
ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам кўрсатиш;
зўравонликдан жабрланувчи болалар оилаларини мустаҳкамлаш ва қўллаб қувватлаш;
болани ота-онадан (уларнинг ўрнини босувчи шахслардан) ёки уларнинг биридан, ўз қарамоғига олган бошқа шахслардан олиш;
зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастурларидан ўтиш;
жинсий зўравонлик содир этган шахсларнинг ҳуқуқларини чеклаш.
Ҳимоя ордери Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва унинг ҳудудий органлари (ваколатли орган) томонидан берилади.
Ваколатли орган содир этилган зўравонлик ҳолати юзасидан мурожаат ёки маълумотлар келиб тушган пайтдан бошлаб 24 соат ичида ҳимоя ордерини беради ёки ҳимоя ордерини беришни рад этади. Берилган ҳимоя ордерини топшириш ички ишлар органларига юклатилади.
Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати — 30 кун. Ҳимоя ордерини топширган ички ишлар органининг мансабдор шахси зўравонлик содир этган шахсни ҳимоя ордерининг шартлари ҳамда уни бажармаслик оқибатлари тўғрисида хабардор қилади.
Ҳимоя ордерида қуйидаги чекловлар назарда тутилиши мумкин:
зўравонлик содир этишни тақиқлаш;
зўравонлик содир этган шахснинг зўравонликдан жабрланувчилар билан алоқасини (шунингдек, бир хонада ёки транспорт воситасида бирга бўлишини) тақиқлаш;
зўравонлик содир этган шахсга қуролни харид қилиш ва олиб юришни тақиқлаш.
Лойиҳа ўзгартирилиши, тўлдирилиши ёки рад этилиши мумкин.