Адлия вазирлиги 21 октябрь-“Ўзбек тили байрами” куни муносабати билан “Давлат тилини ривожлантиришда инновацион ечимлар” мавзусидаги тадбирни ўтказди. Тадбирда икки муҳим лойиҳа жамоатчиликка тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда қуйидаги икки лойиҳа жамоатчиликка тақдим этилди.
I. Юридик атамалар электрон луғати. Бугунги кунда юридик терминлар тизимини тартибга солиш (унификациялаш ва стандартлаштириш) ва шу асосда мамлакатимизда барча ҳуқуқ-судлов тизими учун юридик терминлар тезаурусининг ягона электрон платформасини ишлаб чиқиш эҳтиёжи мавжуд эди. Ушбу вазифа ижросини таъминлаш мақсадида “Юридик терминлар электрон тезауруси ва инновацион мультимедия портали” ишлаб чиқилди.
Лойиҳа ким томонидан тайёрланди? Лойиҳада Адлия вазирлиги, Тошкент давлат Юридик университети, “Адолат” МҲАМ ва бошқа адлия муассасалари мутахассислари иштирок этди.
Лойиҳада қанча термин қамраб олинган? Бугунги кунда жами 3236 та юридик термин ва тушунчанинг тезаурус луғат мақоласи тайёрланган, улардан 2116 таси thesaurus.tsul.uz платформасига жойлаштирилган, 1126 та термин экспертиза босқичида. Экспертизадан ўтгандан кейин улар ҳам платформага жойлаштирилади.
Платформадан фойдаланиш бўйича 5 та видеойўриқнома яратилган бўлиб, уларда барча жараёнлар батафсил тушунтирилган ва thesaurus.tsul.uz платформасига жойлаштирилган.
Кутилаётган натижалар: ҳуқуқий терминларнинг тартибга солинади; юридик тушунчалар битта платформада жамланади; ҳуқуқий таълим учун қулайлик яратилади; қонун ижодкорлигида самарадорлик ортади; бошқа фан ва техника соҳалари тезауруслари учун намуна бўлади; юридик тилни такомиллаштиришга ёрдам беради; ҳуқуқий терминлар тартибга солинади.
Платформа орқали фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш даражасини ошириш, марказлашган электрон базаларни яратиш, бошқа давлат органлари ахборот тизимлари билан электрон тарзда маълумот алмашишни ташкиллаштириш бўйича бир қатор натижаларга эришиш мумкин.
Жумладан, ушбу платформа “Қонун ҳужжатлари маълумотлари Миллий базаси”(Lex.uz тизими) янада ривожлантирилишига ҳисса қўшади. Шунингдек, унинг “Фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувлари ягона электрон архиви”, “Нотариуслар маълумотларининг автоматлаштирилган тизими” ва Суд департаментининг “Е-Ижро” ахборот тизимлари билан интеграция қилиниши уларда қўлланиладиган юридик терминлар унификациясига хизмат қилади.
II.ЎЗБЕК ИСМЛАРИНИНГ ИЗОҲЛИ ИМЛО ЛУҒАТИ. Ушбу иш “Ўзбек исмларининг изоҳли имло луғати ва мобил иловасини яратиш” номли инновацион лойиҳа доирасида бажарилган.
Лойиҳанинг мақсади. Бугунги кунда Давлат хизматлари тизимида, хусусан, ФҲДЁ бўлимларида, шунингдек, фуқаролик паспортларини расмийлаштириш жараёнида ўзбек исмларининг лотин ҳамда кирилл алифбосидаги имлоси, исмлар маъноси изоҳи, шунингдек, паспорт тизимида уларнинг инглиз тилидаги вариантининг тўғри ёзилишида қатор муаммолар мавжуд. Шунингдек, тилимиз янги исмлар билан бойитилган бир жараёнда уларнинг имлоси билан боғлиқ муаммоларга ечим сифатида «Ўзбек исмларининг изоҳли имло луғати» ҳамда унинг мобил иловаси яратилди.
Лойиҳа ким томонидан тайёрланди?Лойиҳа Адлия вазирлиги ташаббуси ва таклифига кўра Ўзбекистон республикаси Фанлар Академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институтиАлишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети, Алфраганус университети, Ўзбекистон халқаро Ислом академиясиолимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан яратилди.
Луғатда қанча исм мавжуд? Ҳозирда порталда 10 минг атрофида исмлар мавжуд. Хусусан, арабча, ўзбекча, туркча, татарча, мўғулча, юнонча, сурёнийча, паҳлавийча, яҳудийча, сўғдча, ўзбекча-қадимий туркча исмлар келтирилган.
Кутилаётган натижалар. Лойиҳа натижалари ўзбек исмлари луғатини қадриятларимизга мос исмлар билан бойитиш ва захирасини тартибга солишга ёрдам беради; Давлат хизматлари тизими, ФҲДЁ бўлимлари, фуқаролик паспортини қайд қилиш соҳалари мутахассисларининг исмларни тил қоидалари ва қонуниятларига мос тарзда қайд қилишлари учун муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилади; луғатнинг замонавий электрон шаклларини яратиш келгусида уни мунтазам бойитиб бориш имконини беради ва улардан исталган пайтда фойдаланиш учун қулайликлар яратади.
Ушбу электрон луғатда исмларнинг ўзбек тили лотин алифбосида ҳамда инглиз тилида ёзилиши ва маъноси (изоҳи) акс этган. Луғат ФҲДЁ электрон тизимига интеграция қилинади.
Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими