Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, уларни асраш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Зеро, ер одамларни боқса, кийинтирса, сув эса тириклик манбаи, табиатнинг бебаҳо инъомидир.
Айни чоғда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг умумий майдони 20 236,3 минг гектарни ташкил этади. Бундан 3,2 миллион гектари суғориладиган экин ер майдонлари бўлиб, унда аҳолининг эҳтиёжи учун озиқ-овқат маҳсулотлари, иқтисодиёт тармоқлари учун эса зарур хом ашё етиштирилмоқда.
Лекин сўнгги йилларда мамлакатимиз аҳолиси сонининг юқори суръатлар билан ўсиб бориши, қишлоқ хўжалиги ерларининг бошқа тоифага ўтказилиши ва глобал иқлим ўзгариши таъсирининг кескинлашуви оқибатида аҳоли жон бошига тўғри келадиган суғориладиган ер майдонлари ўлчами 24 фоизга, ўртача йиллик сув таъминоти даражаси эса 3 048 метр кубдан 158,9 метр кубгача қисқаргани кузатилмоқда.
Бу борада юртимизда суғориладиган майдонларнинг унумдорлигини ошириш, мелиоратив ҳолати ва сув таъминотини яхшилаш мақсадида давлат дастурлари доирасида кенг кўламли ирригация ва мелиорация тадбирлари амалга оширилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида 2008 — 2017 йиллар мобайнида 1,7 миллион гектардан ортиқ суғориладиган майдонларнинг сув таъминоти ҳамда 2,5 миллион гектар майдонларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланишига эришилди.
Президентимизнинг 2019 йил 17 июндаги “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ушбу салбий оқибатларнинг таъсирини камайтириш ва келгусида бартараф қилишга хизмат қилаётир.
Мазкур ҳужжатдан республикада йиллар давомида ирригация ва мелиорация ҳолати ёмонлашуви натижасида фойдаланишдан чиқиб кетган ерларни босқичма-босқич қайта фойдаланишга киритиш, ер ости сув захираларидан самарали фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳамда ички ирригация тармоқларини реконструкция қилиш орқали сув йўқотилишини камайтиришдек муҳим вазифалар ўрин олган.
Ўтган қисқа даврда суғориладиган ва лалми ерлар, тоғ ва тоғолди ҳамда чўл-яйлов ҳудудларининг тупроқ унумдорлигини ошириш, сув ва бошқа табиий ресурслардан самарали фойдаланиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Қолаверса, замонавий усуллар асосида мамлакат озиқ-овқат таъминоти барқарорлигига эришиш учун янги серҳосил қишлоқ хўжалиги экинлари, уларнинг бирламчи уруғчилигини яратишга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Олиб борилаётган чора-тадбирлар қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан эҳтиёткорлик билан фойдаланиш табиий тизимларда экологик мувозанат ва биохилма-хилликни сақлашга ёрдам беради. Тоза ва соғлом сув экотизимларини сақлаш уларнинг ифлослантирувчи моддаларни мустақил равишда қайта ишлаш ва турли хил сув организмларининг ҳаётини қўллаб-қувватлаш қобилиятини таъминлайди.
Қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган кимёвий ўғитлар ва пестицидлар, агар улар тўғри ишлатилмаса, сув ресурсларини ифлослантириши мумкин. Атроф-муҳит омилларини ҳисобга олиш ва сув ресурсларини ҳурмат қилиш сувнинг кимёвий бирикмалар билан ифлосланиш хавфини камайтиришга, саноат ва маиший мақсадларда фойдаланиш учун зарур бўлган сув сифатини оширишга ёрдам беради.
“Ўзбекистон — 2030” стратегиясида 18,7 минг км. ёки 66 фоизи тупроқ ўзанли бўлган магистрал ва хўжаликлараро каналларнинг бетон қопламали улушини 13,1 минг км.га ёки 46 фоизга етказиш, шунингдек, мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш натижасида суғориладиган ер майдонларида шўрланган майдонларни 1,7 миллион гектаргача камайтириш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Кейинги йилларда юртимизда ушбу масалага бу даражада катта эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки сув манбалари Ўзбекистондаги кўплаб экотизимлар, жумладан, дарёлар, кўллар ва сув омборлари учун муҳим аҳамиятга эга. Сув ресурсларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш ва уларни бошқариш биологик хилма-хилликни сақлашга, сув сифатини яхшилашга олиб келади ва экотуризмни сақлаш ҳамда ривожлантириш имконини беради.
Қувонарли томони, қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, айниқса, сувни тежаш мамлакатга иқлим ўзгаришига мослашиш ва ичимлик сувининг камайиши, ёнғин ва қурғоқчилик хавфининг ошиши каби салбий таъсирни юмшатишда муҳим омил бўлади.
Умуман олганда, агросаноат тизимида сув ресурсларини сақлаш, экологик омилларни ҳисобга олиш фермерлар ва қишлоқ хўжалиги корхоналарининг жамият олдидаги масъулияти ва бурчидир. Зеро, бу озиқ-овқат хавфсизлигини ва узоқ муддатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни таъминлашга хизмат қилади.
Ботирбек ТЎРАЗОДА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.