Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов бошчилигидаги делегациянинг жорий йил 18-22 июль кунлари Хитойга ташрифи мобайнида Хитой Халқ Республикаси Жиансу провинцияси губернатори Сюй Кунлин бошчилигидаги делегация Қашқадарё вилоятига таклиф этилган эди.
Жиансу провинцияси губернатори бошчилигидаги 50 дан ортиқ ишбилармон доира вакиллари Қашқадарёда бўлиб, ҳамкорлик музокаралари, келишув шартномалари ва “Ўзбекистон (Қашқадарё) – Хитой (Жиансу) бизнес-форуми”да иштирок этишди.
Мазкур ташрифни ташкиллаштиришда ва вилоятлараро тадбиркорлик алоқаларини ривожлантиришда икки давлат раҳбарларининг беқиёс ҳиссасини эътироф этиш лозим.
Ўзбекистон – Хитой иқтисодий ҳамкорлиги “Буюк ипак йўли” бўйлаб шаклланган. Ҳозир “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида мазкур муносабатлар янада тез суръатларда ривожланмоқда.
Айниқса, жорий йилнинг 18-19 май кунлари Сиань шаҳридаги “Марказий Осиё – Хитой” биринчи саммити давлатларимиз ўртасидаги алоқаларни янада кучайтирди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ва ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг ўзаро дўстлик алоқалари маҳсули сифатида Ўзбекистон – Хитой савдо-иқтисодий муносабатлари жадал бормоқда.
Икки ҳудуд тадбиркорлари мулоқот майдони “Ўзбекистон (Қашқадарё) – Хитой (Жиансу) бизнес-форуми” ҳам айнан уларнинг сиёсий иродалари маҳсулидир. Зеро, Янги Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги босқичи ҳам ҳудудлараро савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқалари жадаллашишига қаратилган.
Форум доирасида бир қатор келишувлар имзоланади ва бу каби форумлар давомий бўлади. Бизнес-форум “Бирлашиш, мулоқот қилиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиш” шиори остида ўтказилаётгани бежизга эмас.
Таъкидлаш лозимки, Қашқадарё вилояти республикада пахта, ғалла етиштириш, нефт-газ захиралари бўйича биринчи ўринни эгаллайди.
Вилоятда Хитой тажрибаси бўйича 45 та кичик саноат зонаси ва 120 гектар майдонда эркин иқтисодий зона фаолияти йўлга қўйилган.
Ҳудудда йирик истеъмол бозори (3,6 миллион аҳоли), қўшни вилоятлар, Афғонистон, Туркманистон ва Тожикистон давлатларига товарларни экспорт қилиш имконияти бор.
Энергетика йўналишида ҳам қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилиб, 7 миллиард квт соат электрни ишлаб чиқариш ва сотиб олиш имконияти яратилади.
Асосий драйвер соҳалар қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги, электротехника, тўқимачилик, чарм ва туризм кабилардир.
Ҳудуд Ўзбекистоннинг барча вилоятлари билан халқаро аҳамиятдаги авто, темир ва ҳаво йўллари орқали боғланган. Бир сўз билан айтганда, ишбилармонлик муҳити кундан-кунга ривожланиб бормоқда.
Озиқ-овқат саноатида йиллик 11 минг тонна гўшт, 134 минг тонна сут, 273 минг тонна меваларни қайта ишлаш йўналишида улкан имкониятлар мавжуд.
Келажакда экологик тоза шароитда етиштирилган мева-сабзавотларни Хитой бозорига экспорт қилиш бўйича ҳам таклифлар тайёрланмоқда.
– Балиқ маҳсулотларини етиштириш, уларни қайта ишлаш йўналишида Миришкор тумани ҳудудида 7 минг гектарли 2 та йирик табиий сув ҳавзаси мавжуд бўлиб, унда денгиз маҳсулотлари, балиқ, қисқичбақа, артемиа етиштириш имконияти аниқланган, – деди вилоят раҳбари М.Азимов. – Шу ерда Жиансунинг балиқ етиштириш бўйича тажрибасини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, Қашқадарё тоғ-кон саноатида Ўзбекистондаги энг йирик қурилиш, металлургия ва енгил саноатда 23 та турдаги 147 та фойдали қазилма кони мавжуд. Китоб ва Шаҳрисабз туманларида 30 гектар майдонда қурилиш материаллари саноат зонаси қурилган. Жиансулик инвесторлар томонидан мазкур ҳудудда ишлаб чиқарилган барча қурилиш материаллари тўлиқ ички бозорда реализация қилинади.
Ҳудудда чорвачилик йўналишида ҳам чексиз имкониятлар бор. Азалдан вилоят ҳудуди йирик ва майда шохли чорва етиштиришга қулай ҳудуд саналган. Бу борада ҳам хитойлик тадбиркорлар билан бизнинг тадбиркорлар музокаралари амалий натижа беради.
Чарм саноати йўналишида йиллик 1,7 миллион йирик ва 5 миллион майда шохли қорамол терисини қайта ишлаш қуввати мавжуд.
Маҳаллий чарм-пойабзал компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган пойабзал маҳсулотлари жаҳоннинг турли давлатларига экспорт ҳам қилинмоқда.
Вилоятда тўқимачилик йўналишида фаолият кўрсатишда улкан имконият мавжудлиги ҳам катта ютуқ. Ҳудудда йилига 450 минг тонна пахта хом ашёси етиштиралади. 15,5 минг тонна трикотаж мато ва 18,4 млн.кв.м газлама ишлаб чиқариш қувватлари мавжуд бўлиб, ип калавани қайта ишлаш даражаси 25 фоизни ташкил этади.
Хусусан, вилоятда Жиансунинг Чанжоу шаҳридаги Жиншен груп корпоряциясининг “ЛТ текстиль интернешонал” ХК томонидан 217 миллион долларлик ип-калава ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилди.
Тўқимачилик йўналишида ишлаш истагини билдирган хитойлик сармоядорларга Қарши шаҳридаги эркин иқтисодий зонада тайёр инфратузилма тақдим этиш учун барча шароит яратилди.
Айниқса, сунъий тола ишлаб чиқариш йўналишида Қашқадарёда улкан имконият бор. Ҳудуддаги нефт-газ корхоналарида йилига 125 минг тонна сунъий тола тайёрлашда ишлатиладиган гранула ишлаб чиқарилади. Шу боис тадбирда вилоятнинг энг йирик нефт-газ корхоналари ҳам қатнашди.
Ипак саноати ва пиллачилик йўналишида ҳам воҳа улкан ҳамкорлик имкониятларига эга.
Вилоят Жиансу провинцияси билан ҳамкорликда пилла хомашёсини етиштиришдан бошлаб ипакдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва хорижий бозорларга экспорт қилиш циклини (занжирини) яратади. Бу йўналишда ишлаш истагини билдирган инвесторларга қонунчиликда белгиланган тартибда 80 минг гектаргача хомашё базаси, бўш бино-иншоотлар ва бошқа инфраструктура яратиб берилади.
Электротехника йўналишида аҳолида йилига 56 мингта телевизор, 28 мингта газ плитаси, 49 мингта кондиционер, 28 мингта музлатгичга талаб бор.
МАНБА:ЎзА