Хабар қилганимиздек, бугун давлатимиз раҳбари АҚШга етиб борди. Мазкур ташриф олдидан мамлакатимиз ҳукумати делегацияси Қўшма Штатларда қатор тадбирларда иштирок этди.
Хусусан, инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ушбу мамлакат савдо вазири ўринбосари, савдо вакили ўринбосари, Жаҳон банки вице-президенти билан учрашув ўтказди, йирик компаниялар раҳбарияти билан музокара олиб борди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон учун GSP дастури бенефициар мақомини қайта тиклаш, мамлакатимизнинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳнинг 7-йиғилишини ташкил қилиш масалалари кўриб чиқилди. Ўзаро савдо муносабатида тўсиқларни бартараф этишга мўлжалланган қўшма маслаҳат платформаси яратиш доирасида ҳамкорликни фаоллаштириш, инвестицияни ҳимоя қилиш ва икки томонлама солиққа тортишдан сақланиш бўйича ҳукуматлараро битимни тайёрлаш юзасидан музокара бошлашга келишилди.
Шунингдек, “яшил масала кун тартиби”, “инсон капиталини ривожлантириш”, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, давлат-хусусий шериклик механизмини жорий қилиш, иқтисодиётда давлат ролини камайтириш, хусусийлаштириш ҳамда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш каби устувор йўналишларда ҳамкорликни чуқурлаштириш зарурлиги маъқулланди.
Aмерика кийим-кечак ва пойабзал ассоциацияси, “Starlink”, “Medtronic”, “Colourizd”, “Pfizer”, “B2Gold”, “Morgan Stanley”, “Akin Gump”, “Cerberus Frontier” сингари йирик компаниялар раҳбарияти билан музокаралар ҳам самарали кечди.
Банклар, кимё корхоналари ва уяли алоқа компанияларини хусусийлаштириш, инновацион вакцина ишлаб чиқариш, қуёш ва шамол электр станциялари қуриш масалалари таҳлил қилинди.
Ўзбекистон тўқимачилик саноатига илғор технология ва дастурий таъминот жорий этиш лойиҳаларини йўлга қўйиш мақсадида тўғридан-тўғри AҚШ инвестициясини жалб этишга келишиб олинди.
МАНБА:ЎзА