Африка давлатларининг аксарият етакчилари 27-28 июль кунлари Санкт-Петербургда ўтказилиши режалаштирилган Россия-Африка саммитида иштирок этишдан бош тортди. Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг айтишича, давлат раҳбарлари даражасида атиги 17 киши келади.
Африканинг 10 та давлати делегацияларига бош вазир, яна 17 тасига бош вазир ўринбосари ёки вазир бошчилик қилади. Африканинг бешта давлати элчилар томонидан тақдим этилади, яна бештаси саммитда иштирок этишдан бош тортди, деб ёзади The Moscow Times.
Ушаков Владимир Путин саммитга келган ҳар бир Африка етакчиси билан учрашишини билдирди. Жумладан, Миср президенти, Мозамбик, Бурунди, Зимбабве, Уганда, Эритрея, Марказий Африка Республикаси, Ливия, Камерун, Сенегал, ЖАР, Буркина-Фасо, Гвинея-Бисау, Мали, Конго раҳбарлари билан учрашув ўтказилади, деб ёзади ТАСС.
Айни пайтда, Россия ТИВнинг махсус топшириқлар бўйича элчиси Олег Озеров РИА «Новости» агентлигига берган интервьюсида барча Африка давлатлари раҳбарларига саммитга таклифномалар юборилганини маълум қилди. «Агар кимдир келмаса, биз хафа бўлмаймиз, чунки биринчидан, уларда давлат раҳбарлари иштирокида олдиндан режалаштирилган бошқа тадбирлар бўлиши мумкин. Иккинчидан, ким келишнинг иложини топса, ўша келади», — деди Озеров.