Жорий йилнинг 24-июл куни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Кудбиев Европа тикланиш ва тараққиёт банки вакиллари билан учрашди. Унда ЕТТБнинг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Жужанна Харгитай, Банкнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг айни пайтдаги раҳбари Алкис Дракинос ва унинг ўрнига сентябр ойидан ишга киришувчи раҳбар Анди Аранитаси иштирок этди.
Учрашув кун тартибида иқтисодий ислоҳотларнинг навбатдаги босқичидаги устуворликлар ва ЕТТБ томонидан кўрсатилиши мумкин бўлган кўмак масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, ЕТТБ билан ҳамкорлик бўйича жорий йил натижалари ва истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.
Ш.Кудбиев Ўзбекистонда ипотека бозорини ривожлантириш бўйича ЕТТБ билан ҳамкорликни жадаллаштириш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
“Ўзбекистоннинг демографик салоҳиятидан кенг фойдаланишимиз керак. Ҳозир жуда катта имкониятлар мавжуд. Яъни аҳолининг реал даромадлари ўсиб боряпти. Ўз навбатида, тадбиркорлик ҳам жадал ривожланмоқда. Бундай вазиятда аҳолининг тўлов қобилияти хам етарли”, — деди Иқтисодиёт ва молия вазири Ш.Кудбиев. Бундан ташқари, кичик бизнесни ривожлантириш стратегияси, ДХШ лойиҳалари ва капитал бозорини ривожлантириш каби ёъналишларда ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олинди.