Каттақўрғон туманида CEEC Samarqand цемент” МЧЖ шаклидаги қўшма корхона барпо этилмоқда. Туманнинг Янгиҳаёт массивида хитойлик ҳамкорлар иштирокида ташкил қилинаётган мазкур заводнинг ишлаб чиқариш ускуналарини монтаж қилиш ишлари қизғин олиб борилмоқда. Лойиҳа қиймати 340 миллион доллар бўлган ушбу корхонада йилига қарийб 3 миллион тонна сифатли ва экспортбоп цемент ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Ҳозирда корхонанинг қурилиш жараёнида 1800 дан ортиқ маҳаллий ва хитойлик ишчилар фаолият олиб боришмоқда. Заводнинг ишга тушиши билан 600 та доимий иш ўрни яратилади.
— Бу корхона Хитойнинг 3 та йирик компаниялари билан ҳамкорликда ташкил қилинмоқда. Ҳозиргача лойиҳа доирасидаги ишларнинг катта қисми амалга оширилди, — дейди хитойлик инвестор Зуо Даёнг. — Корхонада юқори сифатли цемент ишлаб чиқарувчи энг замонавий ва энергия тежамкор технологик ускуналар ўрнатиляпти.
Каттақўрғоннинг бепоён қир-адирликларида кўкка бўй чўзаётган қудратли ишлаб чиқариш қуввати вилоятда экспорт ҳажмини ошириш ҳамда олис ҳудудлар инфратузилмасини яхшилашда муҳим аҳамиятга эга. Корхона мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллик байрами арафасида фаолиятини бошлаши кўзда тутилган.