Ўзбекистон ва Хитой ўртасида тиббиёт йўналишида кенг кўламли алоқалар йўлга қўйилган. Хусусан, коронавирус пандемияси даврида ушбу мамлакат мутахассислари ўзбек шифокорларининг яқин ҳамкорига айланган эди.
Ушбу дўстона алоқалар бугун ҳам изчил давом этмоқда. Хусусан, 2022 йил 25 октябрда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Хитойнинг “China Meheco Co Ltd” компанияси ўртасида 150 дона сунъий нафас олиш — ИВЛ аппаратларини гуманитар ёрдам сифатида етказиб бериш бўйича шартнома имзоланган эди.
Ушбу келишувга асосан компания томонидан тақдим этилган 69 дона ИВЛ аппарати ҳудудлардаги даволаш-профилактика муассасаларига етказиб берилмоқда.
Куни кеча вазирлик мутасаддилари ва компания масъуллари ўртасида бўлиб ўтган учрашувда ушбу ускуналарни жойларда ўрнатиш ҳамда мутахассисларни ўқитиш бўйича келишиб олинди.
Маълумот учун, сунъий нафас олиш аппарати ўпкани ҳаво билан таъминловчи вентилятордан иборат бўлиб, ускуна кислородли ҳавони ўпкага ҳайдайди, шунингдек, карбонат ангидрид ва тўпланган суюқликни чиқаради. Қурилма автоматик равишда беморнинг нафас олиш ҳолатини ҳисобга олади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.