Ёзнинг жазирама кунларида кўпчилик сув ҳавзаларида вақт ўтказишни хуш кўради. Айниқса, болажонлар учун бу мароқли машғулот. Аммо чўмилиш чоғида нафақат хавфсизлик, балки саломатлик қоидаларига ҳам амал қилиш ўта муҳим талаб.
Ботир Тожиев,
Республика эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази директори:
— Чўмилиш ҳавзаларидаги ифлосланган сув ўткир вирусли ичак инфекциялари, гепатит (А,Е), ичбуруғ, ичтерлама, лямблиоз каби хавфли касалликларни келтириб чиқаришини унутмаслик даркор.
Одатда вирус зарралари сувга беморнинг нажаси, қусиқ моддалари ва ювилмаган қўллари орқали тушиб, ифлосланган ҳавзада тахминан 2 ой ва ундан кўпроқ сақланади.
Бироқ касаллик қўзғатувчилари кўпроқ иссиқ ҳароратга мослашувчан бўлгани боис, ёз фаслида уларнинг концентрацияси ва яшаш давомийлиги узаяди. Яъни бундай паразит ва микроблар ҳарорат юқорилаган даврда 180 кундан ортиқ жон сақлаши мумкин.Чўмилиш чоғида сув ютиш инфекциянинг оғиз орқали организмга тушиб, кўпайиб, гастроэнтерит, яъни ошозон ва ингичка ичак шиллиқ қаватида яллиғланишни юзага келтиради.
Касаллик белгилари тахминан 12-48 соат оралиғида намоён бўлиб, ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш, тана ҳарорати кўтарилиши, ич кетиши, қорин дам бўлиши каби аломатлар кузатилади.
Бинобарин, очиқ сув ҳавзаларида чўмилиш турли тери касалликлари, бурун, оғиз ва қулоқ шиллиқ каватлари яллиғланишига ҳам олиб келиши эҳтимоли мавжуд.
Шу боис, аввало, тақиқланган, ифлосланган, текширилмаган ва нотаниш сув ҳавзаларига тушмаслик, рухсат этилган жойларда чўмилганда ҳам, иложи борича сув ютмаслик ва бурундан сув кирмаслигига диққат қилиш лозим.Сунъий сузиш ҳавзалари ҳам ҳамиша бу хавфдан холи бўлавермайди. Шу сабабли уларнинг тозалигига, суви ўз вақтида алмаштирилганига аҳамият қаратиш лозим.
Агар бундай ҳовузлар кафеллари сирпанчиқ бўлса, бу сув эскирганидан далолат беради.Очиқ ҳавзаларда чўмилиш учун атмосфера ҳарорати +20-25, сув илиқлиги эса +17-19 даражадан кам бўлмаган шароит ҳам муҳит мос.Қуёш нури фаол бўлган паллада (12:00 дан 16:00 гача) офтоб тиғидан сақланиш керак. Негаки, ультрабинафша нурларининг давомий таъсири даставвал катарактага, бора-бора кўз нурлари бутунлай йўқолишига сабаб бўлади.
Ўз навбатида, айни шу омил туфайли аллергик реакциялар, тери саратони юзага келиши хавфи ҳам мавжуд.Бундан ташқари, бассейн суви совуқ бўлмаслиги ҳам муҳим. Чунки бундай ҳарорат томир тортишишига олиб келиши мумкин.Очиқ ҳавзаларда чўмилиш вақтида ва ундан кейин касаллик белгилари юзага келса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш тавсия этилади.
Manba: Rahmat.uz