Таниқли раққоса, ўзбек рақс санъатида ўз мактабини яратган Ўзбекистон халқ артисти Қизлархон Дўстмуҳаммедова 77 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги хабар берди.
Дўстмуҳамедова 1946 йилнинг 25 октябрида Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Дастлаб 1965 йилда Тошкент давлат университетини, 1977 йилда Тошкент театр ва рассомчилик санъати институти (ҳозирги Санъат ва маданият институти) тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 1965 йилда Мунаввар Қори Ёқубов номидаги Ўзбек Давлат филармонияси балет солисти сифатида бошлаган ва 1989 йилга қадар фаолият олиб борган. Кейинроқ “Ўзбекистон” Театр-студияси солисти (1989-1991), Тошкент давлат маданият институти Халқ мусиқаси кафедраси ўқитувчиси (1991-1995), Халқаро “Олтин Мерос” хайрия жамғармаси қошидаги миллий мумтоз рақс дастасининг бош бадиий раҳбари сифатида (1999-2005) фаолият юритган.
Қизлархон Дўстмуҳамедова лирик раққоса, рақслари нафис ва жозибали ҳаракатларга бойлиги билан ажралиб туради. “Гўзал”, “Тонг маликаси”, “Гўзал тонг”, “Интизор”, “Бухоро юлдузи”, “Севги таронаси”, “Нозли” каби замонавий, шунингдек, “Муножот”, “Танавор”, “Мўғулчаи сегоҳ”, “Қоракўзим”, “Гулузорим”, “Савти мискин” ва билан мумтоз рақслари машҳур.
“Шашмақом” телефильмида қатнашган (1972), “Танавор” рақс ансамбли (Сиетл, АҚШ)да ўзбек рақсларини саҳналаштирган. АҚШ Ливия, Франция, Германия, Тунис каби мамлакатларда гастрол сафарларида бўлган. Дўстмуҳамедова ижодига бағишлаб “Нафосат гулдастаси” номли фильм ишланган (1985). “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган (2000).