Ижтимоий тармоқларда эркак киши ўз фарзандларини қийноққа солаётгани акс этган видео тарқалди. Бош прокуратуранинг маълум қилишича, суриштирув давомида тасвирдаги эркак Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги «Гулистон» маҳалласида яшовчи 30 ёшли А. Н. эканлиги аниқланган.
У 2022 йил сентябрда оилавий келишмовчиликлар сабабли турмуш ўртоғи Н. Ф.дан ўч олиш мақсадида 2 ёшли фарзандини муттасил равишда турли қийноқларга солиб, ушбу жараённи уяли телефон аппаратига видеога олиб, ижтимоий тармоқларга тарқатган.
“Мазкур ҳолат юзасидан 2023 йил 13 май куни Янгийўл тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан А. Н.га нисбатан Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми „а“ банди (қийнаш) билан жиноят иши қўзғатилган”, — дейилади ахборотда.
Таъкидланишича, гумонланувчи шахс процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қайд этилишича, жиноят иши тергови Бош прокуратура томонидан назоратга олинган.