Ўзига хос саёҳат тажрибаларини таклиф этувчи етакчи глобал йўналиш бўлган Истанбул, айни пайтда болалар учун ҳам муносиб шаҳардир. Истанбулнинг турли музейлари болаларнинг маданият, санъат, технология ва тарих ҳақидаги тушунчаларини кенгайтириб, бутун оила учун қизиқарли лаҳзаларни яратади. Истанбулдаги болалар музейлари ҳам 23 апрель “Туркиянинг Миллий суверенитети ва болалар байрами”га тайёргарлик кўрмоқда.
Самолётлар, автомобиллар ва бошқалар: Раҳми М. Коч музейи
1994 йилда очилган Раҳми М. Коч музейи Истанбулдаги ноёб музейлар сирасига киради. Олтин шох соҳилидаги Ҳаскўйда жойлашган музей Туркиянинг транспорт, саноат ва алоқа тарихига бағишланган ягона йирик музейидир. Музей классик автомобиллар, биринчи трамвайлар, қайиқлар, антиқа самолётлар, пароходлар ва пенни-фартингс (илк велосипед турлари) акс эттирилган экспонатлар билан ўтмишга унутилмас саёҳатни ваъда қилади. Шунингдек, ташриф буюрувчилар илмий ихтиролар ва асбобларга бағишланган бўлимларда ўз уфқларини кенгайтиришлари мумкин. Музей коллекциясида Мустафо Камол Отатуркнинг шахсий буюмлари ҳам бор. Раҳми М. Коч музейида мунтазам равишда болалар учун турли тадбирлар ва маҳорат дарслари ташкил этилади. Шунингдек, уларнинг ота-оналари музей яқинидаги денгиз бўйида жойлашган кафе ва ресторанлардан баҳраманд бўлишлари мумкин.
Болаликка саёҳат: Ўйинчоқлар музейи
Онадўли ёқасининг энг машҳур тумани Кадикўйда, тарихий саройда жойлашган Истанбул Ўйинчоқлар музейи ранг-баранг ўйинчоқлар дунёсига ҳар қандай ёшдаги зиёратчиларни кутиб олади. Шоир ва ёзувчи Сунай Акин томонидан йигирма йил давомида 40 дан ортиқ мамлакатлардаги антиқа дўконлар ва аукционлардан тўпланган ўйинчоқлар тўпламига эга бўлган Ўйинчоқлар музейи ота-оналар ва болалар биргаликда вақт ўтказишлари учун ажойиб манзилдир. Музей экспонатлари 1700 йиллардан ҳозирги кунгача бўлган ўйинчоқлар тарихининг энг машҳур намуналарини ўз ичига олади. Бу ота-оналар ва болаларга дунё тарихини қизиқарли ва эсда қоларли тарзда ўрганиш имкониятини беради. Шу ўринда, Истанбулдаги ушбу ўйинчоқлар музейи бутун дунё бўйлаб “Болалар ва ўйинчоқ музейлари иттифоқи”нинг ташкил этилишига асос солган бўлиб, Истанбулга “ўйинчоқ музейлари пойтахти” унвонини берилишига сабабчи бўлди.
Вақтни «музлатган» музей: Миниатурк
Болалар томонидан севилган яна бир музей эса Онадўлида тарих давомида ҳукмронлик қилган цивилизацияларнинг меъморий меросини бирлаштирган Миниатюрк музейидир. 2003 йилда «Катта мамлакатнинг кичик модели» шиори билан ташриф буюрувчилар эътиборига ҳавола этилган Миниатурк, Туркиянинг энг муҳим асарларининг 1/25 ўлчамли макетлари намойиш этилган ноёб музейидир. Карвонсаройлардан мажмуаларгача, масжидлардан то черков ва синагогалар, қадимий бинолару саройларгача бўлган 137 та меъморий асарларнинг миниатура макетлари Туркиянинг санъат ва меъморчилигини намойиш этади. Миниатуркга ташриф — бу турк тарихига ғойибона саёҳатдир!
Хаёллар олами: Иллюзия музейи
Аслини олганда, болаларни сеҳр ва иллюзия ҳамиша диққатини тортган. Оптик иллюзиялар, голограммалар, иллюзион туннеллар ва ташриф буюрувчини тескари кўринишга олиб келадиган, барча ёшдаги меҳмонларга қизиқарли тажрибаларни тақдим этадиган моҳирона тарзда ишлаб чиқилган xonalar… Истанбул иллузиялар музейи болаларга интерактив ва қизиқарли саёҳатни таклиф қилса, кўргазмалар ўзининг идрок қилиш ҳийлалари билан болаларнинг тасаввурларини ривожлантиришга ҳам ҳисса қўшади. Музейда фарзандингиз билан ажойиб вақт ўтказинг ва кўплаб фотосуратларни тарихга муҳрланг!