10 C
Узбекистан
Пятница, 22 ноября, 2024

Ўзбекистонни бир томонга оғдирманг!

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
7,060участниковПодписаться
- Advertisement -

«KunUZ» сайтида жойлаштирилган видеоматериалда сиёсатшунослар К.Раббимов и Ф.Толиповнинг Президентимизнинг яқинда Сурхондарё вилоятига сафари вақтида халқаро майдонда юзага келган мураккаб вазиятда мамлакатимизнинг позицияси тўғрисида айтилган сўзлари шарҳланган (https://www.youtube.com/watch?v=J-XlK-KMwac).

Кўрсатувда К.Раббимов, жумладан, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларига нисбатан ҳурматсизлик деб баҳолаш мумкин бўлган сўзларни айтган. “…Яъни, агар савол қўйилсаки, Марказий Осиё давлатларининг лидерлари Москвани, айтайлик, кўнгилдан, ҳақиқатдан ишончли ҳамкор деб биладими ёки ундан кўпроқ қўрқадими деса, мен юз фоиз ишонч билан айтаманки, ундан қўрқади”, деб таъкидлайди у.

Яна К. Раббимовнинг фикрига кўра, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги яқин иқтисодий алоқалар Ўзбекистон Республикасининг сиёсий мустақиллигига асосий таҳдид ҳисобланади.

Сиёсатшуноснинг бу фикрларига қўшилиб бўлмайди. Унинг бу таъкидлари сўз эркинлигини суъиистемол қилиб, жамоатчиликни чалғитиш, “қиздириш”, носоғлом баҳс-мунозара туғдиришга қаратилган деб ҳисоблайман. Буни сайт обуначиларининг эҳтиросли “комментарий”лари ҳам кўрсатиб турипти.

          Халқаро иқтисодий ва сиёсий муносабатларда, улар икки томонлама бўладими, кўп томонлама бўладими, таҳдидлар бўлади, албатта. Айниқса ҳозирги геосиёсий вазият кескинлашган вақтда. Шуни ҳам айтиш керакки, йирик давлат билан кичик давлат ўртасидаги яқин иқтисодий муносабатлар, биринчидан, ушбу муносабатларда умумқабул қилинган иқтисодий қонуниятларга риоя қилинмасдан тенг ҳуқуқлилик бузилганда ва, иккинчидан, кичик мамлакат иқтисодиётида хўжалик юритиш субъектлари учун қулай ва самарали механизм яратилмаганда, кичик давлатнинг сиёсий мустақиллигига таҳдид қилиши мумкин.

Айни пайтда Россия Ўзбекистоннинг энг йирик савдо-иқтисодий ҳамкори. Ушбу давлат билан мамлакатимиз МДҲ, ШҲТ каби  ташкилотлар доирасида ҳамкорлик қилади. Россия ва Ўзбекистон ўртасида стратегик шериклик тўғрисида шартнома имзоланган. Қолаверса, айни пайтда – буни иқтисодий-ижтимоий ҳаётимиз учун ижобий ҳол деб баҳолай олмасак-да, -миллионлаб юртдошларимиз Россияда меҳнат мигранти сифатида фаолият юритмоқда ва юртимизга йилига бир неча миллиард АҚШ доллари миқдорида валюта ўтказмоқда.

31 йилдан ортиқ мустақиллик давримизда Россия Ўзбекистоннинг сиёсий мустақиллигига таҳдид солмаган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолиши эҳтимоли жуда юқори.

Аслида, кўп нарса ўзимизга боғлиқ. Ўзингдан чиққан балога кимга борасан давога, дейди халқимиз. Иқтисодий муносабатлар кичикроқ давлатнинг йирикроқ давлатга қарамлик, тобелик шаклида эмас, тенг ҳуқуқли ҳамкорлик шаклида бўлишига эришишимиз керак. Бунинг учун эса республикамизнинг хўжалик юритувчи субъектлари учун ўзимизда ички самарали фаолият юритиш механизмларини яратишимиз керак. Бу борада анча ишлар қилинди, аммо, барибир, фикримча, етарлича самарали механизм яратилмади, қабул қилинган қарорлар, амалга оширилган чора-тадбирлардан кутилган мақсадга ҳали эришилмади.

Биринчидан, солиқ-бюджет сиёсатида хатоларга йўл қўйилди. Хусусан, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича дунёда энг паст, ясси, солиқ солинмайдиган минимум унутилган ҳолда, ягона ставка жорий этилди (бу масалаларни олдинги мақолаларимизда ёритган эдик[1]). Солиқ тизимида жорий этилган рақамли технологиялар, назоратни, текширувларни тадбиркорлик фаолиятини чекловчи ҳаракат деб нотўғри тушунилгани сабабли солиқ қонунчилигига риоя этилишини таъминлашнинг самарали воситасига айланмади. Эркин конвертация киритилганига 5,5 йилдан ошганига қарамасдан, бозорларимизда “доллар, тилла оламиз” деган чақириқлар давом этаётгани  — сўзларимизнинг ёрқин исботидир. Иккинчидан, пул-кредит сиёсатида Марказий банкимизнинг инфляцияни фақат салбий иқтисодий ҳодиса деб нотўғри талқин қилишга асосланган позицияси ва 14-16 %лик асосий фоиз ставкаси реал сектор – ишлаб чиқаришда — тадбиркорлик субъектларининг молиявий таъминланишига тўсқинлик қилиб келмоқда (бу ҳақда  5 йил олдин Марказий банкимизнинг 2018 йилга мўлжалланган пул-кредит сиёсатини таҳлил қилиб, ёзган эдик[2]). Шунинг учун ҳам, Ҳукуматимиз, қайси соҳани ривожлантириш зарур бўлса, айнан шу соҳа субъектларига имтиёзли кредитлар, фоизларни қоплашга субсидиялар  бериш каби воситаларни қўллашга мажбур бўлмоқда.

Учинчидан,  мамлакатимизда сўнгги йилларда кузатилаётган ижобий тенденция — жадаллашган инвестицион жараёнда ноишлаб чиқариш соҳаси устувор бўлиб қолмоқда. Албатта, янги замонавий меҳмонхоналару анжуманлар саройлари керак. Аммо, халқаро иқтисодий муносабатларда мамлакат қудратини,  ва халқаро иқтисодий ташкилотларга  — Жаҳон савдо ташкилоти бўладими, Евро-Осиё иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти бўладими (уларни бир-бирига муқобил деб тушунмаслик керак, зеро, иккала ташкилотга ҳам аъзо бўлган давлатлар бор; иккаласи ҳам ЖСТга аъзо бўлиб, бир-бирига иқтисодий санкция қўяётган давлатлар ҳам бор)аъзолик мамлакатимизга самара беришини реал сектор – ишлаб чиқариш соҳасидаги хўжалик субъектлари таъминлайди.

Хуллас, мамлакатимизда амалга оширилаётган жадал ислоҳотларни — улар жараёнида ҳозирга қадар эришилган натижаларни таҳлил қилиб, ушбу натижаларга холис баҳо бериб, йўл қўйилган хатоларни тан олиб ва тузатиб, изчил давом эттирсак, ҳеч бир йирик давлат  билан — у Россия, АҚШ ёки Хитой бўлишидан қатъи назар —  иқтисодий ҳамкорлигимиз Ўзбекистон сиёсий мустақиллигига таҳдид сололмайди.

Фарҳод ҚУРБОНБОЕВ,

иқтисод фанлари номзоди

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Ўзбекистондаги ислоҳотлар таҳлили ва 2030 йилга мўлжалланган стратегик мақсадлар

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Хакимов Тошкентда бўлиб ўтган халқаро конференцияда Ўзбекистонда сўнгги беш йилда амалга оширилган...

Больше похожих статей

×