Ҳаётида бир марта бўлса ҳам тиш ёки бош оғриғидан азият чекмаган инсон бўлмаса керак. Албатта, бундай пайтда кўпчилик оғриқ қолдирувчи дориларга мурожаат қилади. Бироқ уларнинг қўллашда меъёрни билиш муҳим.
— Бугун дорихоналарда сотилаётган фармацевтик маҳсулотлар орасида оғриқ қолдирувчи препаратларга талаб юқори, — дейди Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги бошқарма бошлиғи Муҳаббат Ибрагимова. — Айниқса, анальгин, цитрамон ва тримолнинг бозори чаққон.
Чунки оғриқдан азият чекувчи кўпчилик беморлар ушбу таблеткаларни мунтазам қабул қилишга одатланган. Аммо уларни палапартиш ёки узоқ муддат қўллаш турли хавфли касалликларни келтириб чиқаришини унутмаслик лозим.
Биламизки, организмда махсус сезги рецептор ва ноцицепторлар бўлиб, улар оғриқ импульсларини марказга йўналтиради. Бунга жавобан тана эндорфин ва энкефалинларни ишлаб чиқаради. Улар оғриқни маълум даражада пасайтиради. Бироқ оғриқ зўрайганда деярли фойда бермайди. Бундай ҳолларда ўз-ўзидан оғриқ қолдирувчи воситаларни қўллаш зарурати туғилади.
Ушбу дориларнинг кимёвий таркиби, тузилиши ва таъсир механизмига қараб, наркотик ва нонаркотик анальгетиклар гуруҳига бўлинади. Биринчи гуруҳга морфин ва унинг синтетик ҳосилалари (промедол, омнопон, фентанил ва бошқалар) киради. Улар стационар шароитда кучли оғриқлар, жумладан, шикастланиш, куйиш, миокард инфаркти рўй берганда ҳамда жарроҳлик аралашувидан кейин қўлланилади.
Нонаркотик анальгетикларга кимёвий тузилиши турлича бўлган синтетик моддалар (амидопирин, анальгин, ацетилсалицил кислотаси, парацетамол ва бошқалар) киради. Бу хил препаратларнинг юқоридагилардан фарқи — таъсири кучсизроқ бўлиб, асосан, невралгия, миалгия, тиш, бош ва бўғим оғриқларида ишлатилади.
Мазкур дорилар оғриқ қолдириш билан бир қаторда иситмани туширишга ҳам ёрдам беради. Шу билан бирга, нонаркотик анальгетикларнинг яллиғланишга қарши таъсири ҳам бор.
Қолаверса, ностероид яллиғланишга қарши препаратлар (НЯҚП) гуруҳига мансуб дорилар (диклофенак, ибупрофен, напроксен, индометацин, кетопрофен, кеторолак ва бошқалар) ҳам ўртача оғриқларни бартараф этади. Уларнинг таъсир механизми асосан оғриқ ва яллиғланиш медиаторларининг ишлаб чиқарилишига тўсқинлик қилишга асосланган.
Айтиш керакки, наркотик анальгетикларнинг оғриқ қолдириш хусусияти билан бирга, зарарли таъсири ҳам йўқ эмас. Бундай дори воситалари узоқ муддат қўлланганда инсонда кўникиш, руҳий ва жисмоний қарамликни келтириб чиқаради.
Нонаркотик анальгетиклардан кўп миқдорда фойдаланиш меъда яраси, ўта юқори сезувчанлик, овқат ҳазм қилиш ва кўриш муаммолари, тромб ҳамда турли аллергияларни пайдо қилиши мумкин. Шунингдек, бу ҳолат иммун тизими бузилиши, юрак-қон томир ва нафас олиш касалликлари, жигар ҳамда ўт чиқариш, буйрак ва пешоб йўли хасталикларига ҳам сабаб бўлиши исботланган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, оғриқ қолдирувчи дори воситаларини фақат шифокор тавсиясига биноан ва унинг кузатуви остида қабул қилиш мақсадга мувофиқ.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати