Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий мамлакатнинг 1979 йилда қабул қилинган Конституцияси айрим моддаларига ўзгариш киритилиши эҳтимоли борлигини билдирган.
“Al Hadath” телеканали хабарига кўра, Раисий бу ҳақда Эронда икки ярим ойдан бери давом этаётган норозилик фонида айтган.
“Эрон Конституцияси ўша пайт боши берк кўчага тушиб қолган тақдирда чиқиш йўлини кўрсатадиган тарзда ишлаб чиқилган”, деди у.
Аввалроқ бош прокурор Муҳаммад Жаъфар Мунтазирий Эрон ҳукумати аёлларнинг рўмол ўраш мажбурияти ҳақидаги қонун қайта кўриб чиқилиши мумкинлигига ишора қилиб, шундай деганди:
“Бу борада ҳуқуқшунослар иш олиб боряпти, кейин қонун лойиҳаси парламентга киритилади”.
Мунтазирий фикрича, норозиликка нафақат хотин-қизлар рўмоли, балки бошқа кўплаб омиллар ҳам сабаб. Бош прокурор “ISNA” агентлигига ислом дини меъёри ва жамоат ахлоқига риоя қилувчи “Gasht-e-Ershad” шариат ахлоқ полицияси тарқатиб юборилганини тасдиқлади.