Дунёнинг кўплаб ҳудудларида мавсумий грипп хасталиги кенг тарқалаётган бир паллада олимлар янги гибрид вируслар пайдо бўлганидан хавотирда.
Энг ёмони, ушбу янги мутациялар инсон иммунитетига осон «чап бера олади». Яъни организмда грипп инфекциясига қарши антитаналар шаклланган бўлса-да, уларни қийинчиликсиз четлаб ўтиб, соғлом ҳужайраларни зарарлайди.
Мутахассисларнинг изоҳ беришича, икки вируснинг бирлашиши фанда коинфекциялар деб аталади. Бироқ Шотландиянинг Глазго университети олимлари томонидан инсон ўпкасида ўтказилган тажрибалар давомида вируслар бир-бири билан рақобатлашмаслиги, аксинча кучларини бирлаштириб, янада хавфли тус олиши аниқланди.
Биз сўз юритаётган гибрид грипп инфекциялари шу тариқа шаклланган ва олимлар ҳали бундай вирусга дуч келишмаганини таъкидламоқда.
‼️Хавотирли жиҳати, ушбу чатишган хасталик аксарият ҳолларда пневмонияни келтириб чиқариши мумкин. Яъни инфекция оқибатида ўпка тўқималари яллиғланиб, унинг бўшлиғи суюқлик билан тўлиши кузатилади. Оқибатда беморнинг нафас олиши оғирлашиб, ҳаёти хавф остида қолади.