Ўзбекистон Бадиий академияси галереясида «Туркийларнинг мероси. Фотосурат ва чинни кўргазмаси» бўлиб ўтди.
Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси, Салжуқли ҳокимлиги томонидан ташкил этилган мазкур кўргазмада қадимий салжуқийлар давлати жуғрофик худудидаги 21 та давлатдаги муҳим асарларга оид 50 та фотосурат ва 21 та чинни маҳсулотлари намойиш этилди.
Очилиш маросимида Ўзбекистон Бадиий академияси раиси АКмал Нур, Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар, Салжуқли ҳокими Ахмет Пекятимчи ва бошқалар сўзга чиқдилар.
Кўргазмадаги фотосуратлар тарихий қаҳрамонликка тўла улуғвор турк халқининг маданий ва санъат қадриятларини ўзида акс эттирган. Уларнинг ҳар биридан шонли тарих бўй кўрсатади.
Масалан, салжуқийлар даврига оид безак ва шаклдан фойдаланиб ясалган чинни маҳсулотлари қадимий ноёб ҳунармандлик намуналари ҳисобланади. Улар бугунги кунда дунёдаги энг машҳур музейларда нодир экспонатлар сифатида намойиш этилмоқда.
Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, кўргазманинг Ўзбекистонда очилишида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор. Буюк Салжуқийлар даврига оид қадимий обидалар ва маҳсулотлар мисолида ҳам ўзбек ва турк халқининг тарихий яқинлиги, маданий муштараклигини кўриш мумкин.
Таъкидлаш жоизки, мазкур кўргазма Туркия Республикаси ташкил этилганлигининг 100 йиллиги санаси олдидан амалга оширилаётган “Туркия асри” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Кўргазма ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, ёшлар кўргазма билан танишиш орқали тарихий манбаларга оид қизиқарли маълумотлар олишди.