Совет Иттифоқи Коммунистик партияси (КПСС) марказий қўмитасининг сўнгги бош котиби ва СССРнинг ягона президенти Михаил Горбачёв 91 ёшида вафот этди.ОАВ Горбачёв “оғир ва узоқ давом этган касалликдан кейин” вафот этганини хабар қилди. Уларга кўра, Горбачёв ўлимидан сал аввал касалхонага гемодиализ учун келган.
Сўнгги йилларда Горбачёв буйрак касаллигидан азият чекаётган эди. Хусусан, сиёсатчи бир неча йил давомида гемодиализдан ўтгани ҳақида маълумотлар бор.Сиёсатчи Москвадаги Новодевичие қабристонида рафиқаси Раиса Горбачёва ёнига дафн этилади. Дафн маросимининг санаси ҳали белгиланмаган.
Михаил Горбачёв 1931 йил 2 мартда ҳозирги Ставропол ўлкаси ҳудудида туғилган. Москва давлат университетининг юридик факультетини қизил диплом билан тамомлаган. Горбачёв совет давлатининг сўнгги раҳбари ва КПСС марказий қўмитасининг сўнгги бош котиби эди — у бу лавозимни 1985 йилда эгаллаган.
Кўп ўтмай, сиёсатчининг ташаббуси билан давлат сиёсий ва иқтисодий тузилишига тегишли қайта қуриш ислоҳотлари бошланиши эълон қилинди.Қайта қуриш совет жамиятини сезиларли даражада демократлаштиришни, шу жумладан сайлов тизимини ислоҳ қилишни талаб этди.
1989 йил баҳорида СССР халқ депутатлари учун сайловлар бўлиб ўтди, бу аслида 1917 йилда большевиклар ҳокимият тепасига келганидан кейин биринчи эркин сайловларга айланди.Горбачёв даврида Афғонистондаги ўн йиллик ҳарбий компания якунланди, у ердан совет қўшинлари олиб чиқилди.
1990 йилда Михаил Горбачёв СССРнинг биринчи президенти бўлиб, бу лавозимни эгаллаган ягона сиёсатчи сифатида тарихга кирди. Худди шу йили у тинчлик бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлди.