9 C
Узбекистан
Суббота, 23 ноября, 2024

Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси раҳбари О.Исаковнинг “Alter Ego” youtube каналига берган интервьюсига расмий мунособат билдирди.

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
7,060участниковПодписаться
- Advertisement -

Унда келтирилишича, жорий йилнинг 22 августида ногиронлиги бўлган бир қатор фаолларнинг “Alter Ego” ютуб каналига берган интервьюси ижтимоий тармоқларга узатилган. Ушбу интервьюда Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси раҳбари О.Исаков тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатишдаги бир қатор “фош қилувчи” маълумотлар билан ўртоқлашган. Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги О.Исаков томонидан берилган тизимга оид қатор асосланмаган маълумотларни рад этган ҳолда, расмий муносабат билдиришни жоиз деб топади.

Nuz.uz сайти интервьюда берилган маълумотлар ва Агентликнинг келтирган жавоб мунособатини қуйида борича ҳавола этади:

1. Ижтимоий ҳимояга масъул ваколати бўлган ягона ташкилот мавжуд эмас?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 июлдаги ПФ-175-сон Фармонининг 15-мақсади қилиб ижтимоий ҳимоя соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва юритишга масъул бўлган ваколатли органни белгилаш кўрсатилган, белгиланган муддатларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга оид вазифа ва функцияларини ягона тизим доирасида мувофиқлаштирувчи давлат органини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида”  2021 йил 25 мартдаги ПФ-6195-сон Фармонига мувофиқ Агентликнинг асосий вазифаларидан бири этиб кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш белгиланган.

2. Жамиятда ногиронлик аравачаларига ҳақиқий талаб 5000 дона бўлишига қарамай, давлат томонидан фақат 2000 дона аравача сотиб олиб берилади, натижада ҳақиқий эҳтиёж қондирилмайди?

Статистик маълумотларига кўра, ҳудудларда 2022 йил 1 январь ҳолатига ногиронлик аравачаларига республика бўйича 5 363 та эҳтиёж аниқланган бўлиб, 2022 йилнинг 1 июль ҳолатига янги мурожаатларни (1 314 та) ҳисобга олган ҳолда жами эҳтиёж 6 677 тани ташкил этган. 2022 йил 1 июль ҳолатига давлат томонидан ҳақиқий таъминот республика миқёсида 6 477 та бўлиб, бу эса эҳтиёжнинг 97 фоизи таъминланганлигини кўрсатади.

Бу кўрсаткич йил давомида аниқланган эҳтиёжни тўлиқ таъминлаш чоралари кўрилаётганини кўрсатади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 августдаги ПҚ – 5217-сон қарори ижроси бўйича 2021 йилда қўшимча 1 100 дона электр юритмали кресло-аравачалари Давлат бюджетидан ажратилган 6,7 млрд сўм маблағлар эвазига харид қилинди ҳамда худудлардаги ногиронлиги бўлган шахсларга етказиб берилди.Ушбу электр юритмали кресло-аравачалар жорий йилнинг якунига қадар 880 дона, 2023 йилда 3 200 дона, 2024 йилда 3 200 дона ва2025 йилда 3 220 дона жами қўшимча 10 500 дона харид қилиниб, муҳтож ногиронлиги бўлган шахсларга етказиб берилиши режалаштирилган.

3. Молия вазирлиги ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш ўрнига, қурилишларга катта миқдордаги пулни ажратиб келмоқда? Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги тасарруфидаги реабилитация марказларида 2016-2022 йилларда мавжуд  12 та реабилитация марказларидан 4 тасида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган.

Хусусан, 2018-2019 йилларда Сурхондарёдаги реабилитация марказида (18,0 млрд сўм), 2020-2021 йилларда Андижондаги реабилитация марказида (13,5 млрд сўм), 2022 йилда эса Навоий (3,0 млрд сўм) ва Хоразм (4,9 млрд сўм) вилоятларидаги реабилитация марказларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган ҳамда мазкур ишларни амалга оширишда жами 39,7 млрд сўм ажратилган. 

Натижада қўшимча 250 ўрин ва 100 ётоқ-ўрин яратилиб, реабилитация марказларида замонавий шарт-шароитлар яратиш ва уларнинг қувватини оширишга, бу эса тиббий-ижтимоий реабилитация чоралари билан қамраб олинадиган ногиронлиги бўлган шахсларнинг қамровини оширишга хизмат қилган. Шунингдек, ҳисоб-китобларга кўра, 2021 йилда Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги томонидан ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларига ажратилган маблағларнинг қарийиб 2 фоизи реабилитация марказларини қурилишига сарфланган.

Таъкидлаш жоизки, интервьюда келтирилганидек айни бир реабилитация маркази учун кетма-кет қурилиш мақсадларига пул ажратилиш ҳолатлари кузатилмаган, бу ҳақда асосланмаган маълумот келтирилган.

4. Ногиронлиги бўлган шахслар учун аравачаларни сифат эмас сонга эътибор берган ҳолда сотиб олинади. Сифат ва сервис хизмати мавжуд эмас. Унинг ўрнига аравачага муҳтож ногиронлиги бўлган шахсларга аравача қийматидаги ваучер беришни жорий қилиш?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Муҳтож аҳолини протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” 2021 йил 1 июлдаги 411-сон қарори билан муҳтож аҳолини протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлашнинг амалиётини сертификат бериш тизимига ўтказилди.

Фуқароларга ўз танловига кўра давлат томонидан бериладиган маблағлар (сертификат) ҳисобидан исталган ишлаб чиқарувчидан протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларини (жумладан ногиронлик аравачалари) сотиб олиш имконияти яратилди.

Протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларининг ўртача нархлари кейинги йил учун ҳар йили декабрь ойида ҳудудий тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бошқармалари томонидан шакллантирилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ҳамда Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмалари билан келишган ҳолда тасдиқланиши йўлга қўйилди.

Бундан ташқари, “Ўзстандарт” агентлиги билан биргаликда муҳтож шахсларни тегишли реабилитация қилишнинг техник воситаларнинг ягона стандартлари ишлаб чиқилди. Бу эса, ўз навбатида харид қилинаётган аравачаларни сифатига қўйилган аниқ талабларни тасдиқланишига олиб келади.

Охирги 2 йилдан буён амалиётга сертификат тизими жорий қилиниши муносабати билан тендер асосида протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация техник воситаларини сотиб олиш тўхтатилган. Кўриниб турибдики, О.Исаковнинг протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация техник воситаларнинг ҳариди бўйича тендер савдоларининг ўтказилиши тўғрисидаги маълумотлари амалдаги тартибга тўғри келмайди.

5. Конвенция талабларига кўра тиббий моделдан ижтимоий моделга ўтишга Давлат тайёрми? Ўзбекистон Респуликаси Президентининг 2022 йил 25 июлдаги ПФ-175-сон Фармони 3-иловаси 2-бандида 2022 йил октябрга қадар ногиронликни белгилашнинг анъанавий “тиббий” моделидан замонавий “ижтимоий” моделига босқичма-босқич ўтишни назарда тутувчи концепцияни тасдиқлашга оид Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган. Бу бўйича Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси (ID-62351) ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу лойиҳанинг 1-иловаси билан “Ўзбекистон Республикасида ногиронликни белгилашнинг ижтимоий моделига босқичма-босқич ўтиш” Концепцияси тасдиқланиши кутилмоқда.

Бунда, ногиронликни белгилашнинг ижтимоий модели 2025 йилнинг 1 январидан Сирдарё вилоятида, 2026 йилдан бошлаб республиканинг бошқа ҳудудларида босқичма-босқич жорий этилиши белгилаб ўтилган. 6. Республикада ногиронлиги бўлган шахслар учун “тўсиқларсиз” муҳит яратилмаган? Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикасида инклюзив жамият барпо қилиш юзасидан мақсадли қадамлар қўйилмоқда.

Қуйидагилар ногиронлиги бўлган шахслар учун инклюзив жамият барпо этишнинг фундаментал асослари бўлиб хизмат қилади:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони (ПФ-5270-сон, 01.12.2017 й.);

Ўзбекистон Республикасининг “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонуни (ЎРҚ-641-сон, 15.10.2020 й.);

Ўзбекистон Республикасининг “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни (Нью-Йорк, 2006 йил 13 декабрь) Ратификация қилиш ҳақида”ги Қонуни (ЎРҚ-695-сон, 07.06.2021 й.);

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ижтимоий ҳимоясининг стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида” Фармони (ПФ-175-сон, 15.07.2022 й.);

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати ҳамда болаларга ногиронликни белгилаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори (ПҚ-22-сон,  27.11.2021 й.).

Бугунги кунгача республикамизда инклюзив жамият барпо этиш йўлида қуйидаги ишлар амалга оширилди:

Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувидаги Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ташкил қилинди ва кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатишда ваколатли давлат бошқарув органи этиб белгиланди;

эски тиббий-меҳнат экспертиза комиссиялари ўрнига инсон туғилганидан токи умрининг охиригача бўлган даврни ўз ичига қамраб олган янги тиббий-ижтимоий экспертиза комиссиялари тизими ташкил қилинди;

18 ёшгача болаларда ногиронлик ҳолатини белгиловчи педиатрия тиббий-ижтимоий экспертиза комиссиялари ташкил қилинди;

ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган ҳамда анатомик дефектлар мавжуд ҳолларда ногиронлик белгилашнинг янги тартиблари жорий қилинди;

Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий иш тўғрисида”ги янги Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди; Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ногиронлиги бўлган шахслар ишлари бўйича идоралараро кенгаш ташкил қилинди.

Тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти, Кўзи ожизлар, Карлар жамиятлари, Ногиронлар ассоциацияси раҳбарлари ушбу Кенгашга аъзо этиб белгиландилар;

идоралараро Кенгашнинг ишчи органи этиб, Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги белгиланди;

ногиронликнинг ижтимоий моделига босқичма-босқич ўтиш борасидаги Концепция ва Йўл харитасини тасдиқлашни кўзда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳаси тайёрланди.

Концепция лойиҳасида қуйидаги масалалар кўзда тутилмоқда:

Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ногиронлиги бўлган шахслар ишлари  бўйича идоралараро кенгаш зиммасига Концепцияда кўзда тутилган масалаларнинг ижросини мувофиқлаштириш вазифасини белгилаш;

Концепцияда кўзда тутилган вазифаларни ижросини таъминловчи субъект бўлган вазирилик ва идораларни белгилаш; жойларда ногиронлиги бўлган шахслар учун “тўсиқларсиз” муҳитга алоқадор объектларни хатлов (инвентаризация)дан ўтказиш;

келгусида ишлаб чиқиладиган ногиронлиги бўлган шахслар учун “Тўсиқларсиз муҳит яратиш” ҳудудий дастурларига таклифлар ишлаб чиқиш;

келгусида ишлаб чиқиладиган ногиронлиги бўлган шахслар учун “Тўсиқларсиз муҳит давлат дастури” ҳамда “Тўсиқласиз муҳит тўғрисида”ги Қонун лойиҳасига таклифлар ишлаб чиқиш;

Концепцияда кўзда тутилган вазифалар ижроси юзасидан амалга оширилган ишларни объектив баҳоловчи индикаторларни ишлаб чиқиш.

Аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига ижтимоий хизматларни ривожлантириш борасида қуйидагилар кўзда тутилмоқда:

2023 йилнинг 1 мартигача муддатга давлат томонидан кафолатланган минимал ижтимоий хизматлар рўйхатини ишглаб чиқиш ва тасдиқлаш;

2023 йилнинг 1 мартигача давлат томонидан кафолатланган минимал ижтимоий хизматлардан фойдаланувчи эҳтиёжманд аҳоли тоифаларининг рўйхатини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

2023 йилнинг 1 июнигача давлат томонидан кўрсатиладиган кафолатланган минимал ижтимоий хизматлар стандартларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

2025 йилдан ахолининг эҳтиёжманд қатламларини Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказларининг барпо этилишини назарда тутиб, Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг туман (шаҳар) бўлимлари фаолиятини такомиллаштириш, уларни малакали кадрлар билан таъминлашни кучайтириш;

келгусида ижтимоий ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш.

Юқорида қайд этиб ўтилган меъёрий ҳужжатлар тартиб-тамойилларини амалиётга жорий қилиниши Ўзбекистон Республикасида барча учун, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар учун инклюзив жамият барпо этиш йўлида қўйилган навбатдаги дадил қадам ҳисобланади.

1.  Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигида БМТ делегацияси (БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича департаменти Инклюзив ва ижтимоий ривожланиш бўлимининг Техник кўмак ва ҳамкорлик бўйича секция раҳбари Серёжин Олег Константинович, Санкт Петербург врач-экспертлар малакасини ошириш институти ректори тиббиёт фанлари доктори, халқаро даражадаги эскперт Владимирова Оксана Николаевна, Санкт Петербург врач-экспертлар малакасини ошириш институтининг ўқув ва илмий ишлар бўйича проректори педагогика фанлари доктори, профессор Логинова Екатерина Тофиковна, Арманистон Респубикаси Амалий психология ва социология “Урарту” университети “Ижтимоий иш” кафедраси мудири, халқаро даражадаги эскперт Багдасарян Джемма Самвеловна)нинг қабулида ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш соҳасида амалга оширилган кенг кўламли ишлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Учрашувда 2021 йилда жорий қилинган сертификат тизими доирасида мухтож фуқроларга протез-ортопедия мосламалари ҳамда реабилитация техник воситаларини ўз хохишларига кўра, харид қилиб олиш имконияти жорий қилинганлиги тўғрисида маълумот берилди.

Бу маълумотлар учрашувда иштирок этган Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси раҳбари ўринбосари Фарход Абдурахманов ва ассоциация масъул ходими Ойбек Пулатов томонидан тўлиқ тасдиқланганлигига қарамай, келгуси куни меҳмонлар иштирокида ташкил қилинган семинарда О.Исаков мавжуд ҳолатни нотўғри талқин қилиб, “республикада ҳанузгача ногиронлиги бўлган шахсларга протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация техник воситалари тендер асосида амалга оширилмоқда, бу борада ваучер тизими ҳанузгача жорий этилмаган” деган иддаосига семинар қатнашчилари, шу жумладан БМТ делегацияси аъзоси тиббиёт фанлари доктори Владимирова Оксана Николаевна қатъий эътироз билдиришган. Ачинарлиси, О. Исаков бундан кейин ҳам тегишли хулоса қилмай, ютуб каналига берган интервьюсида ушбу нотўғри ва асосланмаган фикрларини қайтадан такрорлаган. Юқорида қайд этилганларни инобатга олиб, аҳолини ижтимоий ҳимоясига оид давлат сиёсатини нотўғри талқин қилиш бор нарсаларни йўқ, деб айюханнос солиш кенг оммада, хусусан, халқаро ҳамжамиятда республикада олиб борилаётган мақсадли ва изчил ишларга асосланмаган ҳолда салбий қарашларни юзага келтиришга сабаб бўлади.

Шу сабабли оммавий ахборот воситаларига бериладиган маълумотларни тўлиқ ўрганган ҳолда ва ваколатли давлат органи билан ҳамкорликда маълумотларни асосланганлигини кўриб чиқиб, муҳокама қилиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз», дейилади расмий жавобда.

 

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Ўзбекистондаги ислоҳотлар таҳлили ва 2030 йилга мўлжалланган стратегик мақсадлар

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Хакимов Тошкентда бўлиб ўтган халқаро конференцияда Ўзбекистонда сўнгги беш йилда амалга оширилган...

Больше похожих статей

×