Бастакор Жасур Бадалбоевнинг илк яратган қўшиғи 2004 йилда хонанда Абдували Ражабовнинг “Сенсиз” таронаси бўлган. Айнан шундан сўнг, бастакорга шоу бизнес оламида талаб кўпайган. Бастакорнинг 2005 йил-2006 йилларда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор Раҳимхон куйлаган “Аразингиз” қўшиғи эса, суперхитга айланиб, Жасур Бадалбоевни энг таниқли ва энг қиммат бастакор даражасига олиб чиққан!
Жасур Бадалбоев шу кунгача мингдан ортиқ хит қўшиқлар яратиб, шоубизнеснинг энг таниқли хонандалари билан ҳамкорликда ишлаб келмоқда. Хитмейкернинг қўшиғини куйламаган хонанда, ўзбек шоубизнесида деярли бўлмаса керак. Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмоновадан тортиб, Муниса Ризаевагача, Улуғбек Раҳматуллаевдан тортиб Шохруххонгача Жасур Бадалбоев яратган қўшиқларни куйлаб, бутун бошли альбомларини яратишни унга ишонишган.
Албатта, бу даражага эришиш бастакор учун осон кечмаган. Ижодини илк бошлаган вақтларида унга дўстлари бошқа бастакорларни мақтаб, “қачон сен ҳам улардек хит қўшиқ ёзасан?” дейишганда, Жасур Бадалбоев уларга “вақти келиб, мен бастакорларнинг энг зўри бўламан. Менга қўшиқ ёздириш учун хонандалар навбат кутишади.” деб жавоб қайтарган экан. Буни қаранг-ки, бастакорнинг тинимсиз изланишлари, меҳнатлари бесамар кетмади. Бугун Жасур Бадалбоев чиндан ҳам шоу бизнес оламидаги энг талаб кўп бўлган бастакор, энг кўп хит хит қўшиқлар яратган хитмейкер, ҳамда энг таниқли саунд продюсер!
Жасур Бадалбоевнинг айтишича, шу кунгача эришган муваффақиятларининг асосий сабабчиси, биринчи навбатда меҳнат ва ўзининг характеридир. “Инсон характер тарафлама, сув каби ҳаётда ҳаммаёққа мослашувчан бўлиши керак. Шундагина у ҳаётда ўзи истаган ютуқларга эриша олади.” дейди бастакор.
Айни вақтда ҳам, Жасур Бадалбоев ўзбек шоу бизнесининг бир неча таниқли хонандаларига қўшиқлар ёзиш билан банд.