АҚШнинг “SomaLogic” компанияси олимлари юрак хуружи ва инсульт хавфини олдиндан аниқлашнинг икки баробар самарали усулини топди.
Бунинг учун қондаги оқсиллар таркиби ўрганилди. Яъни махсус аппарат ёрдамида 22 минг нафардан ортиқ беморнинг плазмаси намуналарида 5000га яқин оқсиллар таҳлил қилинди.
Натижада улар орасидан инфаркт, инсульт ёки юрак етишмовчилиги эҳтимолини кўсатувчи 27 та оқсилни топишга муваффақ бўлинди.
Тадқиқотчилар фикрича, қон таҳлилининг янги усули инсонларда келгуси тўрт йил ичида юқоридаги касалликларга чалиниш хавфи даражасини кўрсатиб беради.
Бундан ташқари, шифокорлар беморга буюрилган дори-дармонлар қандай таъсир қилиши, даволаниш режимини ўзгартиришга эҳтиёж бор ёки йўқлигини ҳам мазкур метод ёрдамида аниқлашлари мумкин.
Олимлар хулосасига кўра, ушбу диагностик имконият беморнинг ёши, жинси, касаллик тарихи, холестерин даражаси ва қон босими кўрсаткичларини ўз ичига оладиган юрак-қон томир касалликлари хавфини баҳолашнинг амалдаги тизимидан икки баравар аниқроқ натижа беради.
Ҳозир Қўшма Штатлардаги қатор тиббиёт муассасаларида янги усулдан амалиётда фойдаланишга киришилди.