Маданий мерос агентлиги Хоразм вилояти бошқармаси мутахассислари томонидан олиб борилган мониторинг натижасида хусусий хонадон ичида “ДEШАН ҚАЛЪА” меъморий архитектура ёдгорлиги ҳисобланмиш деворнинг бир қисми қулаб тушганлиги аниқланди. Ваҳоланки, ушбу тарихий обидани сақлаб қолишга қаратилган ишларни амалга оширишга тўсқинлик қилган фуқаро А.Р.га бир неча маротаба расмий огоҳлантириш берилган. Унинг вазиятга бўлган беписандлиги хонадонида жойлашган маданий мерос объектига зарар етказилишига ва қисман бузилишига сабаб бўлди.
Бу ҳолатга асосий сабаб фуқаро томонидан уй унинг шахсий мулки эканлиги важ қилиб кўрсатилиб, Агентлик мутасаддиларига қаршилик кўрсатган ҳолда уларни консервация ва реставрация қилишларига йўл қўймагани. Шунга қарамасдан Агентлик мутахассислари жойига чиққан ҳолда тарихий объектни узоқдан кузатиб фуқаро билан муросага келиш чораларини кўришди. Лекин фуқаро барча таклифларга рад жавобини берди.
Шу сабабли Агентлик фуқарога нисбатан тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга вазиятга ҳуқуқий баҳо бериш ва давлат муҳофазасига олинган объектда асрашга доир ишларни оли боришга тўсқинлик қилгани учун чора кўриш тўғрисидаги тақдимнома киритиш жараёнини бошланган.
Бу каби ҳолатлар Республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам афсуски кузатилмоқда. Шуларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Агентлик томонидан маҳаллий ҳокимятларга маданий мерос объектлари атрофида жойлашган шахсий мулкларни қонунчиликда белгиланган тартибда кўчириш бўйича таклиф киритилиши тўғрисида маълум қилинади.