Ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан жорий йилнинг 8 — 12-ноябрь кунлари “INFOLIB UZBEKISTAN-2021” Х Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги ўтказилиши бошланди.
Ҳафталик бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ахборот-кутубхона марказларида ташкил этилади.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси умумий фонди 7 544 721 нусха нашрни ташкил этмоқда, шундан, 6 846 922 нусхани босма нашрлар, 697 799 нусхасини электрон шаклдаги адабиётлар ташкил этади.
Ўзбекистонда кутубхона соҳасини ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2019 йилда 4354-сонли қарорида белгилангандай аҳолига кутубхона хизматини кўрсатиш мақсадида республикамизда 186та туман ва шаҳар кутубхоналари ташкил этилган, кўплаб кутубхоналар қайта реконструкция қилинди, тўлиқ таъмирланди, уларнинг моддий-техника базаси яхшиланиб замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Қувонарлиси, соҳа вакилларига ҳам катта эътибор қаратилмоқда, уларнинг фаолиятлари рағбатлантирилмоқда, юксак эътироф этилмоқда, улар нуфузли давлат мукофотларига сазовор бўлиб келмоқдалар.
Ёш авлоднинг соғлом ўсиши, сифатли таълим олиши ва баркамол шахс бўлиб вояга етишини таъминлаш, шунингдек, ёшларнинг маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари ва китоб ўқишга бўлган қизиқишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган 5 муҳим ташаббусни жорий этиш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда. Шу муносабат билан бу йилги Миллий ахборот-кутубхона ҳафталигининг бошқа ҳафталиклардан фарқи шундаки унинг доирасида илк маротаба «Ўзбекистон ёш кутубхоначилари: биз биргаликда ҳаракат қиламиз!» шиори остида Ёш кутубхоначилар форуми ўтказилишидадир.
Форум мақсади:
— замонавий талабларга жавоб берадиган муваффақиятли кутубхона -ахборот фаолияти учун зарур бўлган шахсий ва касбий компетенцияларни, билим, тажриба ва кўникмаларни ривожлантириш учун шароит яратиш;
— ёш кутубхона мутахассислари орасида касбнинг обрўини ошириш ва жамиятда кутубхоначи ва кутубхоналарнинг ижобий имиджини яратиш;
— кутубхона ишини ташкил этишда инноватцион лойиҳаларни соҳага тадбиқ қилиш учун ёшларнинг касбий фаоллигини рағбатлантириш.
Форумда иштирок этиш учун турли тизимлар ва идоралар кутубхоналарининг 30 ёшгача бўлган ёш мутахассислари; маданият муассасалари ва олий ўқув юртларининг ахборот-кутубхона мутахассислиги бўйича ўқитувчилик қилаётган ёш ўқитувчилар ва аспирантлар; ахборот-кутубхона марказлари раҳбарлари ва ёш мутахассислари таклиф этилади.
“INFOLIB UZBEKISTAN-2021” Х Миллий ахборот-кутубхона ҳафталигини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – республикамизда ахборот-кутубхона соҳасини янада ривожлантириш, аҳолига ахборотлар олишнинг манбаи, шакл ва методларини етказиш, ахборот-кутубхона фойдаланувчиларига хизмат кўрсатиш, китобхонлик ва китоб мутолаасини тарғиб қилиш, ѐшларни интеллектуал билими ва савиясини оширишга қаратилган тадбирлар орқали уларни кутубхоналарга қизиқишини оширишдан иборат, соҳа мутахассисларини соҳага жорий қилинган замонавий, илмий-методик ишланмалар билан таништириш,
Ҳафталик доирасида жамоат ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда, соҳа мутахассислари ва китобхонлар учун бир қатор маънавий-маърифий тадбирлар, семинарлар, давра суҳбатлари, танловлар, тренинглар, маҳорат дарслари ўтказиш ҳамда нашриётлар иштирокида китоб кўргазмалари, ярмаркаларини ташкил этиш, мутахассисларнинг маънавий-маданий билимларини оширишга йўналтирилган тадбирлар, махорат дарслари, иштирокчиларни кенг жалб қилган ҳолда интеллектуал билимини оширувчи викториналар, таниқли фан ва маданият намояндалари, санъаткор ва ижодкорлар иштирокида ижодий учрашувлар, театрлаштирилган чиқишлар намойиш этиш режалаштирилган.