Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси қошида тижорат банклари, лизинг ва суғурта компаниялари Инсон ресурсларини бошқариш бошқармалари раҳбарларидан иборат бўлган HRD Методик Кенгаши ташкил этилган бўлиб, мазкур Кенгашнинг навбатдаги йиғилиши ўтказилди. Кенгаш йиғилишида республикамиздаги 32 та тижорат банклари, 28 та суғурта компаниялари ва 45 та лизинг компанияларининг Инсон ресурсларини бошқариш бошқармалари раҳбарлари иштирок этдилар. Шунингдек, академия МВА тингловчилари учун мазкур йиғилиш жараёнини YouTube интернет тармоғи орқали кузатиш имконияти яратилди.
Кенгаш йиғилишининг биринчи қисмида кадрлар соҳасидаги халқаро эксперт, Қозоғистоннинг JysanBank HR-директори, Академия фахрий профессори Анна Владимировна Тимофеева “Ходимлар карьерасини бошқариш бўйича замонавий ёндашувлар” мавзусидаги маърузаси билан онлайн тарзда иштирок этди. Маъруза давомида бошқарувда кадрларнинг тўғри танланиши, раҳбар кадрларга нисбатан креатив ёндашувлар, ходимларнинг бошқариш самарадорлигига таъсир этувчи омиллардан тўғри ва самарали фойдаланиш ҳақида фикр юритилди, маъруза юзасидан иштирокчиларнинг саволларига жавоб берилди. Қизиқарли ўтган муҳокамалардан сўнг HRD Методик Кенгашининг йиғилишларини мунтазам равишда ҳар ойнинг иккинчи пайшанба куни ўтказилиши бўйича келишилди.
Кенгаш йиғилиши давомида Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Россия халқ хўжалиги ва давлат бошқаруви Академиясининг корпоратив бошқарув Олий мактаби ва Банк-молия академияси ҳамкорлигида «Евроменеджмент» мутахассислиги бўйича Германия дастурига мувофиқ бизнес мактаблари ассоциацияси (АМВА) томонидан аккредитация қилинган Германия ва Россия дипломларига эга магистр даражасини олиш учун қўшма таълим дастури юзасидан тақдимот ўтказилди.
Банк-молия академияси ректори Т.Д.Ядгаров мазкур қўшма таълим дастурининг истиқболлари ва афзалликлари ҳақида айтиб ўтди. Корпоратив бошқарув Олий мактаби Россиянинг илғор олий таълим муассасаларидан бўлиб, энг яхши ўнта таълим муассасалари қаторидан ўрин олган. Ушбу олий таълим муассасаси билан ҳамкорлик қилиш Банк-молия академиясига таълим хизматларининг халқаро бозорига чиқиш, қўшни давлатлардан талабаларни жалб қилиш ва Тошкентда жаҳон даражасида таълим бериш имконини беради.
Қўшма дастур доирасида таълим олиш имкониятига эга бўлган тингловчилар, Германия дастурига мувофиқ бизнес мактаблари ассоциацияси (АМВА) томонидан аккредитация қилинган Германия ва Россия дипломларига эга магистр даражасини олиш имкониятига эга бўладилар.
Бундан ташқари, Корпоратив бошқарув Олий мактаби билан ҳамкорликда Ўзбекистон таълим хизматлари бозорида ўхшаши йўқ бизнес бошқаруви доктори DBA таълим дастури очилмоқда.
Ушбу қўшма таълим дастурлари замон талабларига жавоб бера оладиган малакали, рақобатбардош, юксак билимли, республиканинг илм-фан, иқтисод, ижтимоий соҳаларини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшадиган, мустақил фикрлай оладиган, юқори салоҳиятли мутахассисларни тайёрлаш мақсадига қаратилган.
Кенгаш йиғилиши охирида ташриф буюрган меҳмонлар ва Оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.