Айни пайтда Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг матбуот анжумани ўтказилмоқда.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Миллий қонунчилик базасини комплекс тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида бекор қилинган қонунчилигимизда ривожланишга тўсқинлик қилаётган яна 500 тага яқин ҳужжатлар муҳокама қилинаяпти.
Бугунги кунда миллий қонунчилик тизимида 35 мингдан ортиқ қонунчилик ҳужжатлари мажуд бўлиб, уларнинг 95 фоиздан ортиқ қисмини қонуности ҳужжатлари ташкил этмоқда.
қонунчиликни сон жиҳатдан тизимлаштириш эндиликда сифат жиҳатдан яхшиланмоқда. Ўз аҳамиятини йўқотган ҳужжатлардан қонунчиликни “тозалаш”дан кейин навбат ҳужжатлар мазмунини яхшилашга келди.
Мутассадиларнинг маълум қилишича, бу борада икки йўналишда иш олиб борилиши режалаштирилган:
- Консолидация, яъни 120 дан ортиқ давлат органлари фаолиятини тартибга солувчи 1600 дан зиёд тарқоқ ҳужжатларни бирлаштириш керак.
Чунки бугунги кунда битта вазирликнинг ваколатларини тушуниш учун камида ўнлаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмунини ўрганиш ёки қўшимча вақт ва молиявий харажатларни талаб қиладиган юридик маслаҳат олиш зарур. Ўнлаб турли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ўрнига, давлат органи фаолиятига оид битта ҳужжатнинг талабларини ва мазмунини тушуниш анча қулай бўлади.
- Амалдаги ҳуқуқий базани қонунчилик тармоқлари бўйича тизимлаштиришдир. Бунинг учун 60 га яқин энг муҳим соҳалар кесимида амалдаги ҳужжатлар тизимлаштирилади. Тизимлаштириш жараёнида ҳуқуқни қўллаш амалиётида турли муаммоларга олиб келувчи такрорланишлар, зиддиятлар, ҳуқуқий бўшлиқлар ва бошқа камчиликлар бартараф етилади.
Асосийси, Адлия вазирлиги бу борада масъул ижрочиларга услубий ёрдам кўрсатади, шунингдек, Фармонда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли ижро этилишини таъминлаш чораларини кўради.
Журналистларнинг саволларига жавобларда масалага янада кенгроқ ойдинлик киритилди.