Коронавирусга қарши биринчи навбатда вакцина олувчилар рўйхати қайта кўриб чиқилади. Бунга мазкур рўйхатга журналистлар, блогерлар ва оммавий ахборот воситалари ҳамда жамоат транспорти ходимлари, шунингдек чет давлатларда таҳсил олувчи талабалар ва меҳнат мигрантлари ҳам киритилганлигининг ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинаётгани сабаб бўлган.
Бу ҳақда бугун, 22 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида эшитилаётган ССВ вазири ўринбосари Б. Юсупалиевнинг аҳолини коронавирусга қарши эмлаш борасида режалаштирилаётган ишларга оид ахбороти муҳокамасида айтиб ўтилди.
Таъкидланишича, коронавирусга қарши биринчи навбатда вакцина олувчилар рўйхати юзасидан халқ вакиллари томонидан Ҳукуматга бир қатор таклифлар берилган.
Парламент эшитувида халқ вакиллари кекса ва нуронийлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож, яъни “Темир дафтар”га киритилган ва ногиронлиги ҳамда сурункали касалликлари бўлган шахслар, тиббиёт ходимлари, мактаб ўқитувчилари, мактабгача таълим ташкилотлари, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини биринчи навбатда эмлаш ишларини ташкил қилиш мақсадга мувофиқ бўлар эди, деган таклифни илгари сурди.
Халқ вакилларининг ҳудудлардаги фаолияти доирасида коронавирусга қарши эмлаш ишларининг ташкил қилиниш жараёнлари устидан ҳам таъсирчан парламент назорати ўрнатилиши айтиб ўтилди.